Бугунги глобаллашув ва ахборот тезлиги даврида инсоният ҳаётининг ҳар бир жабҳасида янги тушунчалар, янги ижтимоий ғоялар пайдо бўлмоқда. Уларнинг айримлари жамият тараққиёти ва адолат ғоясини мустаҳкамласа, баъзиларининг нотўғри талқини жамиятни бўлинишга, қадриятлардан узоқлашишга олиб келмоқда. Ана шундай масалалардан бири – феминизм тушунчасидир.
Сўнгги йилларда дунё миқёсида феминизм ҳаракати кенг ёйилиб, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг асосий воситасига айланган. Аслида феминизмнинг мақсади эркак ва аёл ўртасида тенгликни таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётда тенг имкониятларга эга бўлишини қўллаб-қувватлашдир. Аммо, афсуски, бугунги кунда ушбу ғоя айримлар томонидан радикал ва бирёқлама талқин қилиниб, унинг асл моҳиятига зид тарзда намоён бўлмоқда.
Феминизм тарихан ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида аёлларнинг сайлов ҳуқуқи, таълим олиш ва меҳнатга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати сифатида шаклланган. Ўша даврда жамиятнинг ижтимоий тузилмаси патриархат бўлгани сабабли аёллар кўп ҳолларда иккинчи даражали ижтимоий қатлам сифатида қаралган. Шу сабабли феминизмнинг пайдо бўлишини инсоният ижтимоий адолатга интилишининг табиий натижаси сифатида кўриш мумкин.

Феминизмнинг замонавий талқини эса аёлларни эркакларга қарши қўйиш эмас, балки уларнинг имкониятларини тенглаштириш орқали жамиятда мувозанатни таъминлаш ғоясига асосланади. Зеро, жамиятнинг ярми аёллар, уларнинг фаоллиги ва салоҳиятисиз тараққиёт ҳақида сўз юритиш мумкин эмас. Бугунги кунда ривожланган давлатларда гендер тенглик сиёсати нафақат аёлларни, балки эркакларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ҳар икки жинс жамиятда ўз салоҳиятини эркин намоён этиш имконига эга бўлади.
Аммо сўнгги пайтларда, айниқса ижтимоий тармоқлар ривожи ортидан, феминизм атамаси айрим блогерлар, жамоатчилик фаоллари ва ҳатто оммавий ахборот воситалари томонидан сиёсий, шахсий ёки ғоявий манфаатлар учун нотўғри талқин қилинмоқда. Айримлар феминизмни “эркаклардан устунлик”, “эркаклардан воз кечиш”, ёки “аёллар ҳукмронлиги” каби тушунчалар билан аралаштириб юбормоқда. Натижада жамиятда фикрий қутбланиш, жинслар ўртасида ўзаро ишончсизлик ва носоғлом муносабатларни юзага келтирмоқда. Энг хавфлиси, бу жараён ёш авлод онгига ҳам таъсир этмоқда. Улар феминизмни радикал ёки бузғунчи куч сифатида кўра бошламоқда.
Аслида феминизмнинг радикал талқини инсоният тарихидаги бошқа ҳар қандай адолат ғоясининг нотўғри йўналтирилган шакли каби жамиятни бирлаштиролмайди. Бундай ҳолат ижтимоий барқарорликка ҳам, маънавий қадриятларга ҳам путур етказади.
Ахборот асрида сўз – қудратдир. Бир оғиз фикр миллионлаб одамларга таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли, ҳар қандай оммавий минбарда чиқиш қилаётган шахс ўз сўзининг мазмунини, ижтимоий таъсирини, ва энг муҳими, масъулиятини чуқур англамоғи керак.
Ўзининг шахсий аудиториясига эга инсон, хоҳ у журналист, хоҳ блогер ёки машҳур шахс бўлсин, ижтимоий мавзуларда гапирар экан, аввало илмий, маданий ва ахлоқий асосга таяниши зарур. Феминизмни тушунтиришда ҳам бу қоидага риоя қилиш жуда муҳим. Чунки нотўғри айтилган сўз, тўғри ғояни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Сўз билан онгни, онг билан эса жамиятни ўзгартириш мумкин. Шунинг учун сўзловчи ўз сўзининг ижтимоий оғирлигини, таъсир кучини чуқур ҳис этиши керак.
Феминизм – бу жамиятдаги адолат, инсонпарварлик ва тенглик ғоясининг ифодаси. У ҳеч қачон эркакларга қарши кураш эмас, балки инсоннинг лаёқати, ақли ва меҳнати орқали ўз ўрнини топиш ҳуқуқини ҳимоя қилишдир.
Феминизмни радикал шаклда талқин қилиш, уни бир жинснинг устунлиги сифатида кўрсатиш бу ғоянинг моҳиятига эмас, кўринишига хизмат қилиш ҳисобланади. Аслида ҳар бир инсон, хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, бир-бирини тенг ва ҳурматли ҳамкор сифатида қабул қилган жамиятгина ҳақиқий тараққиёт сари боради. Шу боис, ҳар ким, айниқса оммавий аудиторияга эга шахс, сўзининг масъулиятини чуқур ҳис этиб, ғояларни нафақат ҳис-туйғу билан, балки билим, маданият ва тафаккур асосида етказмоғи лозим. Чунки сўз тўғри бўлса, жамият ҳам тўғри йўл танлайди.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА