Федерация ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг вилоят ҳудудий бирлашма раҳбарлари ҳамда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.
Ушбу меморандумнинг имзоланишидан асосий мақсад: таълим, илм-фан, маънавий-маърифий соҳаларда билим ва тажриба алмашиш, ўқув жараёнини ташкил этиш, ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлик соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш бўйича илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, қисқа ва узоқ муддатли ўқув дастурларини амалга оширишда томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишдан иборат.
- Меморандум имзоланиши аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда яна бир дебоча бўлиб хизмат қилади, - дейди университет ректори Раҳим Ҳакимов. – Бу борада Федерация ва университетнинг ўзаро ҳамкорлиги доирасида қисқа ўқув курсларини ташкил этиш, илмий рисолалар чоп этишни йўлга қўйишимиз зарур. Бундан ташқари, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги кадрларга бўлган эҳтиёж, ушбу соҳада магистратуранинг янги бир йўналиши очилиши зарурлигини тақозо этмоқда”.
Ўз навбатида, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов мулоқот чоғида кадрлар тайёрлаш салоҳияти, тизим жараёнидаги янгиланишлар ва ривожлантиришга қаратилган истиқболли дастурлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида федерациянинг «Истеъмолчи кутубхонаси» лойиҳаси асосида ҳудудларда қурилаётган кутубхоналарнинг китоб фондини бойитиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш мақсадида ушбу кутубхоналарни тегишли юридик адабиётлар билан таъминлаш учун ТДЮУ (Тошкент давлат юридик университети) томонидан 16 номдаги ўқув услубий қўлланмалар тайёрланди
Тадбирда ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга тегишли мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати