Буюк Британияга тегишли Space Forge компанияси микротўлқинли печ ҳажмидаги мини-заводни фазога учирди.
Ушбу қурилма Ер сатҳидан юзлаб километр баландликда юқори сифатли яримўтказгичлар учун хомашё ишлаб чиқаради. Синовлар давомида печни масофадан ёқиш ва ҳароратни 1000° гача кўтариш имконияти амалда тасдиқланди.
Коинотдаги вазнсизлик ва вакуум муҳит атомларнинг тартибли жойлашишини ва контаминантлардан холи бўлишини таъминлаб, яримўтказгичлар сифатини Ерда бўлгандан 4000 баравар тоза қилади. Бу чиплар 5G миноралари, электромобиллар ва замонавий самолётларда ишлатилади.
Мини-завод SpaceX ракетаси орқали орбитага чиқарилган ва Кардиффдаги бошқарув маркази тизимларни масофадан синовдан ўтказмоқда. Компания эндиликда каттароқ завод қуришни ва тайёр маҳсулотни Ерга хавфсиз қайтариш технологиясини синаб кўришни режалаштирмоқда. Бу мақсад учун Pridwen номли иссиқлик ҳимоя экрани ишлаб чиқилган.
Мутахассисларнинг фикрича, коинотда ишлаб чиқариш саноати тез орада дори-дармон, сунъий тўқима ва бошқа юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qtks_biA5tM" title="Fazodagi mini-zavod" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА