Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Файзобод ГАИ” тўлақонли ишлаб турибди, айрим туманларда эса бундай масканлар фаолияти тугатилди
11:43 / 2024-04-18

Тошкент шаҳар Миробод тумани “Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маскани (халқ орасида “Файзобод ГАИ” деб танилган) айни пайтда тўлақонли фаолият кўрсатмоқда.

Хабарингиз бор, бу маскан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг рўйхатга олиш – диагностика марказига айлантирилди. Марказнинг замонавий бинолари, йўлаклари, машина тўхташ жойлари халқаро стандартлар даражасида бунёд этилган.  

Кунига минг нафаргача мижозга хизмат кўрсата оладиган марказда автомобилларга хизмат кўрсатиш фақат автоматлаштирилган техник воситалар орқали амалга оширилади.  

Илгари автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш жараёни 6-7 босқичда амалга оширилган бўлса, ҳозирда мазкур босқичлар сони 3 тага қисқарди. Натижада сарфланадиган вақт аввалги 2 соатдан 15-20 дақиқагача камайди.  

Бундай янги тизим Тошкент шаҳридаги “Юнусобод”, “Чилонзор” ва “Миробод” рўйхатлаш бўлинмаларида синовдан ўтказилди. 

Ҳозирги кунда ягона ахборот бошқарув тизимини жорий этган рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида онлайн тизим ва электрон навбатлар самарали натижа кўрсатмоқда.  

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан маълум қилишларича, Миробод тумани Бешкент кўчаси, 45-уйда жойлашган масканда (Файзобод ГАИ) таъмирлаш ишлари амалга оширилгани сабабли аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Мирзо Улуғбек ҳамда Олмазор туманларида Рўйхатдан ўтказиш, имтиҳон олиш бўлинмаси иш фаолияти йўлга қўйилган эди.  

Ҳозирги кунда Файзободдаги Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими ўз иш фаолиятини тўлақонли амалга оширмоқда.    

Мирзо Улуғбек ҳамда Олмазор туманларида жойлашган Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаси иш фаолияти эса тўхтатилди.  

Фуқаролар ўз вақтларини тежаш мақсадида Миробод тумани Бешкент кўчаси 45-уйда жойлашган маскан (Файзобод ГАИ)га ташриф буюриши мумкин.  

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимига қарашли хизмат кўрсатаётган манзиллар: Юнусобод тумани О.Зокиров кўчаси 2 - уй, Миробод тумани Водил кўчаси 53-уй, Миробод тумани Бешкент кўчаси 45-уй, Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси 118 “а” - уй, Сергели  тумани Сергели автомашина бозори ҳудудида, Янгиҳаёт тумани Индекс автомашина бозори ҳудудида ишлаб турибди.    

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА