Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Файсал Ақиф Мисқал ал-Фаёз: Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг бутун ислом оламига қўшган ҳиссасининг ёрқин тимсоли
18:33 / 2026-02-04

Шу кунларда Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги парламенти – Мажлис ал-Аъён Раиси Файсал Ақиф Мисқал ал-Фаёз бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Юқори мартабали меҳмон бугун пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, ушбу масканда мужассам этилган тарих, илм-фан ва замонавий инновациялар уйғунлигининг ёрқин намунаси билан яқиндан танишди.

ЎзА мухбири ташриф доирасида Файсал Ақиф Мисқал ал-Фаёзнинг марказ ҳамда Ўзбекистон – Иордания ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди. 

– Айтингчи, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сизда қандай таассурот қолдирди?

– Бу жуда ҳам ҳайратланарли маскан. Айтишим мумкинки, мен кўрган музейлар орасида энг яхшиларидан бири. Марказ Ўзбекистоннинг қадим тарихидан тортиб то бугунги кунгача бўлган жараёнларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Экспозициялар жуда чиройли, тақдимот юқори даражада ташкил этилган.

Маълумки, кўплаб буюк ислом уламолари айнан шу заминдан етишиб чиққан. Бу билан нафақат юртингиз, балки бутун ислом олами фахрланади. Ушбу улуғ алломалар Европада ўрта асрлардаги Уйғониш даврига ҳам катта таъсир кўрсатган. Шу маънода, Ислом цивилизацияси маркази тарих, илм-фан ва маърифат уйғунлигининг ёрқин намунасидир.

– Маълумки, мазкур марказ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

– Албатта, бу ташаббус алоҳида эътиборга лойиқ. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу улуғвор мажмуани барпо этиш ҳақида кўрсатма бергани жуда тўғри ва оқилона қарор. Бу ерда нафақат тарих, балки ҳозирги Янги Ўзбекистоннинг жадал ривожи ҳам намоён этилган.

Мен шахсан ўлкангиздаги ислоҳотлар ва тараққиётни кўриб, жуда катта таассурот олдим. Барча соҳалардаги ривожланиш иқтисодиётдан тортиб, ижтимоий ҳаётгача ҳақиқатан ҳам юксак даражада. Айтиш мумкинки, Президент мамлакатни замонавий, самарали ва очиқ давлат сифатида ривожлантириш йўлида жуда яхши иш олиб бормоқда.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар истиқболини қандай баҳолайсиз?

– Бу муносабатларни жуда юқори баҳолайман. Иордания Қироли яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчисининг жорий йилда Иорданияга ташрифи режалаштирилган. Бу эса икки давлат ўртасидаги алоқалар изчил ривожланаётганидан далолат.

Биз сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш устида ишлаяпмиз. Айниқса, маданий алоқалар муҳим, чунки биз умумий исломий қадриятлар ва маданиятга эгамиз. Шу боис, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар келгусида янада мустаҳкамланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилишига ишонаман.

Дилшод Ҳакимов суҳбатлашди.

Фарход Абдурасулов (сурат), ЎзА