Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фахриёр ТИЛОВОВ: “Янгиланаётган Бош қомусимиз ёшлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди”
15:46 / 2023-04-28

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ўқиши, касб танлашига кўмак бериш ва зарур шароитлар яратиш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Бундай эътибор ёшларни билим олиш, ўзи қизиққан касбни танлаб, етук кадр бўлиб етишида ва Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнашида муносиб ҳисса қўшишга ундамоқда. Айниқса, бундай имкониятлар уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрнини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.

Жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумининг ўтказилиши муносабати ташкил этилган тадбирларда ёшларнинг фаоллигини кўриб, уларнинг она Ватанга бўлган чексиз меҳридан кўнгиллар шод бўлади.  

Ана шундай фаол ёшлардан бири – Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича  1-курс талабаси Фахриёр Тилововнинг янгиланаётган Бош қомусимиз ҳақида фикри билан қизиқдик.

– Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум олди тадбирлари мамлакатимизда кенг миқёсда ўтказилмоқда, – деди Ф. Тиловов. –Ушбу тадбирлар нафақат сиёсий жараён, балки ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқини билишга ва жамият ҳаётига бефарқ бўлмасликка чақиради.

Хўш, янгиланаётган Бош қомусимиз ёшлар ҳаётида қандай ўрин эгаллайди? Унда давлат ёшларни ўз ҳимоясига олиши билан муҳим аҳамият касб этади. Демак, мамлакатимиз ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, янгиланаётган Конституцияда кўплаб соҳа ва йўналишлар қаторида ёшлар масаласига алоҳида устувор вазифа сифатида қаралган.

Таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси 6 бўлим, 155 моддадан иборат.  Унда алоҳида бир боб – XIV боб оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани билан янада аҳамиятлидир.

Ёшлар ҳуқуқлари акс этаётган ушбу моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Шунингдек, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб бериши белгиланмоқда.    

Ҳеч кимга сир эмас, ҳар бир ёш ўз олдига катта мақсад қўяди. Шу мақсадлари сари интилади, лекин нимадир сабаб бўлиб ўқишга ёки ишга кира олмай қолиши мумкин. Янгиланаётган Бош қомуснинг  XIV бобида бу масалалар  том маънода қамраб олиб,  давлатимиз ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатишни ўз зиммасига олмоқда. Яъни, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ишга жойлашиши, уй-жойга эга бўлиши ҳимояланмоқда.

Референдум олди тадбирларига келсак, бугун янгиланаётган Бош қомус ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда. Қолаверса, “Бу менинг Конституциям”   интернет сайти ташкил қилинган бўлиб,  унда бу  ҳақида атрофлича маълумот олиш имконияти яратилган.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумнинг ўтказилишига саноқли кунлар қолди.  Имкониятдан фойдаланиб,  шу заминнинг ҳар бир фуқаросини ва ёшларни  ўз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда референдумда фаол иштирок этишга чақираман.

ЎзА мухбири 
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.