9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, ҳудуд фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан Ангрен шаҳрида яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашди.
Дастлабки манзил “Гўзал” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 97 ёшни қарши олган Николай Прокошин хонадони бўлди. Ҳозир у қизи Галина Церт билан бирга яшайди. Вилоят ҳокими Президентимиз йўллаган табрикни ўқиб эшиттирди. Отахонга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига берилаётган бир марталик 20 миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
[gallery-17335]
Асли Россия Федерациясида туғилган Николай Прокошин бошланғич мактабнинг 3-синфигача таълим олади, холос. Мурғаккина жуссаси билан ҳаётнинг катта-кичик сўқмоқларини босиб ўтган. У 1944 йили 17 ёшида урушга кирди. У Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ордени билан тақдирланган. Кейинчалик Н.Прокошин 1951 йилгача Узоқ Шарқда чегара қўшинларида хизмат қилди. Вақт ўтиб холаси Зоя опа Ангренга кўчиб келиш таклифини беради.
Учрашувда уруш фахрийси кўрсатилган эътибордан хурсанд бўлиб, ўз миннатдорлигини билдирди. Байрам муносабати билан вилоят фаоллари уруш фахрийлари Роза Жоназарова, Эльвира Якименко ва Мария Овасапованинг хонадонларида ҳам бўлди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров(сурат), ЎзА мухбирлари