Дунёдаги бошқа халқларга қараганда ўзбекчиликда кексаларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади.
Мамлакатимизда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида соҳага оид 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Нуронийларнинг ижтимоий фаолликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Фахрий мураббий» ордени ва «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони таъсис этилди. Шунингдек, кексалар учун 152 та туман ва шаҳарда «Нуронийлар маскани» мажмуалари ташкил этилди. Барча ишловчи пенционерларга пенсияларни тўлиқ миқдорда тўлаш йўлга қўйилди.
Ёшлар тарбиясида ёши улуғларнинг панд-насиҳатлари, фикрлари, ўгитлари ва маслаҳатлари билан иш юритишнинг аҳамияти юқоридир. Зеро, фахрийлар ёшларга тўғоноқ эмас суянчиқ, рақиб эмас устоздир...
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 15 мартда қабул қилинган «Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини қарор топтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган ижтимоий фаол нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади.
Дарҳақиқат, катта тажрибага эга нуронийлар, узоқ йиллар турли соҳаларда меҳнат қилган обрў-эътиборли кишиларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, кечаги ва бугунги кунимизнинг фарқини қиёсий кўрсата олиш олиб бораётган тарғибот ишларнинг самарасини янада ошишига хизмат қилади.
«Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан доимий хабар олиш тизими ташкил қилиниб, уларга ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида давлат хизматлари кўрсатилади.
БEЛГИЛАНГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тартиби бекор қилинади.
Эндиликда, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшайдиган кексаларнинг санаторийларда бепул даволаниши, уларнинг дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари билан таъминланиши Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Маҳаллалардаги ёшларнинг тарбияси ва ахлоқида бўлган ижобий ўзгаришлардан келиб чиқиб нуроний ва зиёлилар жамғарма маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб борилади.
Кексаларнинг республикамиздаги диққатга сазовор жойларга сайёҳлик сафарларини ташкил этиш мақсадида жамғармага ажратилган маблағлар ҳисобидан иккита замонавий автобус харид қилинади ҳамда сайёҳлик сафарларини уюштириш бўйича тарихий шаҳарлар ва диққатга сазовор жойларнинг рўйхатини шакллантирилиб чиқилади.
ИМКОНИЯТЛАР...
2022 йил 1 октябрга қадар жамғарманинг «Нуроний» электрон платформаси ва ягона электрон базаси фаолиятини йўлга қўйилади. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан ҳамкорликда кексаларга оид маълумот ва янгиликларни уларнинг мобиль телефон рақамларига SMS-хабарнома юбориш орқали маълум қилиб бориши таъминланади.
Кутубхоналарга аъзо бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун китоблар, журналлар, газеталар ва бошқа нашрлар етказиб берилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА