Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фахрийлар тажрибаси – ёшларга мактаб
13:22 / 2021-10-04

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилоят кенгашида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.

Учрашув “Ватанпарвар” ташкилотида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, айни дамда кексалик гаштини сураётган фахрийларни эъзозлаш, ҳозирги вақтда ташкилот тизимида фидокорона меҳнат қилаётган устозлар ва ходимлар фаолиятини муносиб эътироф этиш, ўқув курслари, спорт секциялари ва тўгаракларда шуғулланаётган ёшларнинг иштиёқини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти тизимида узоқ йиллар самарали ва фидокорона фаолият олиб бориб нафақага чиққан Йўлдош Сапаров, Отабой Бобожонов, Ботир Худойназаров, Худойшукур Рахманов каби меҳнат фахрийлари, ташкилот ходимлари, ўқувчилар, спортчилар ва уларнинг мураббийлари иштирок этди.  

Кўтаринки руҳда ташкил этилган тадбир аввалида “Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилоят кенгаши раиси Давронбек Ибрагимов меҳнат фахрийларининг хотиралари, устозларнинг ўгитлари, иш тажрибалари билан ёшларни таништирди. Шунингдек, «Ватанпарвар» ташкилоти фаолияти, унинг ривожланиш йўналишлари, юртимиз ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташкилот томонидан амалга оширилаётган янгиланишлар, жумладан ёшлар, айниқса унинг уюшмаган қисмини касбга тайёрлаш, “Темир” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган оилалар фарзандларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўқитилиши бўйича яратилаётган шароитлар ва янги имкониятлар ҳақида гапириб берди.  

Тадбир давомида болалар, ўсмирлар, ва ёшлар учун ташкилот тизимида мавжуд спортнинг техник ва амалий турлари бўйича секция ва тўгаракларнинг фаолияти, уларга бепул шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилгани, бу ерда шуғулланаётган спортчилар Республика, вилоят мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлаётганлиги ҳам таъкидланди.  

Ёш ва кекса авлод вакилларининг самимий ва мароқли мулоқотидан сўнг фахрий меҳмонларга “Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилоят кенгашининг фаҳрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА