Инсонни қадрлаш, жасоратли меҳнат фаолиятига ҳурмат бажо келтириш, ибрат олиш халқимизга хос бўлган азалий қадриятларимиздан бири саналади.
Бу йилги Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар юртимизда «Жасорат – миллат ғурури ва ифтихори» шиори остида ўтказилиши белгиланган бўлиб, мардлик ва жасорати билан барчага ибрат бўлаётган ва ҳозирда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийларига давлатимиз томонидан катта эътибор кўрсатилмоқда. Жойларда фахрийлар ўртасида оммавий спорт мусобақалари, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида ўтказилди. Кўп йиллар спорт соҳасида меҳнат қилган, маҳоратли спортчиларни тарбиялашга, оммавий спортни ривожлантиришга ҳисса қўшган ва бугунги кунда ҳам ўз тажрибаси билан ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб келаётган фахрийлар ўртасида турнир ташкил этилди.

Мусобақада фахрийлар спортнинг стол тенниси ва шахмат-шашка турлари бўйича ўзаро беллашди. Дилдан суҳбатлашди. Юртимиз спортчиларининг нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари, давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар хусусида фикрлашилди.

Ўзига хос байрам тарзда кечган мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА