9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё академик лицейида “Жасорат –миллат ғурури ва ифтихори” шиори остида “Уч авлод” учрашуви ўтказилди.
Учрашувда Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ш.Шодиев тинч-тўкин мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга, мустақиллик йиллари хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган тинчлигимиз посбонлари хотирасини улуғлашга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Ватанимиздаги осойишта, обод ҳаёт, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай бебаҳо бойликни муттасил мазмунан бойитиб боришнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.


Кекса авлод вакилларининг хотиралари, қимматли маслаҳату, панду насиҳатлари тингланган тадбирда вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги майор Б. Шодиев ва бошқа нуронийлар оғир йиллардаги болалик даври, ҳаёти ва меҳнат фаолияти тўғрисида ҳикоя қилиб берди. Хизмат давридаги қизиқарли воқеа-ҳодисалар, дуч келган қийинчилик ва машаққатлар ҳақида сўз юритди. Ходимларга яратилган бугунги қулайликлар билан ўзлари хизмат қилган оғир даврларни қиёслаб, бундай шароитда хизмат қилишга шукрона айтиш лозимлигини, фахрийлар тизимда хизмат олиб бораётган ёш ходимларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва тажрибаларини ўргатишга ҳамиша тайёр эканликларини таъкидлашди.

Учрашувда академик лицей ўқувчилари Ватан, тинчлик, юртга садоқат ва меҳр-муҳаббат тараннум этилган шеърларни ифодали ўқиб, қўшиқлар куйлади. Бадиий саҳна кўринишлари намойиш этилди. Фахрий устозлар ва аъло баҳоларга ўқиётган бир гуруҳ ўқувчиларга вилоят ИИБ бошлиғининг ташаккурномаси, китоблар тўплами туҳфа қилинди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири