Фарғона вилоятининг кекса ёшдаги 14 нафар ҳаваскор велоспортчилари Фарғона шаҳридан Риштон, Бешариқ туманлари орқали Тожикистон Республикаси (Конибодом, Хўжанд, Панжикент), Самарқанд вилояти (Ургут), Қашқадарё вилоятига (Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор) ҳудудларига велосайрга отланишди.
Фарғона шаҳридаги "Само" спорт мажмуасидан йўлга отланган фахрий велоспортчиларни кузатиш учун вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ходимлари, спорт фахрийлари кенгаши вакиллари, марафон иштирокчиларининг яқинлари жам бўлишди.


-Спорт инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омилдир, -дейди вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Нодиржон Ҳакимов.-Айниқса, вилоятимизда велоспорт ҳам ривожланиб, ёши улуғларимиз бунда ибрат кўрсатишмоқда. Велосипед минишни кундалик ҳаёт тарзига айлантирган отахонлар кўпчиликни ташкил этади. Ёшлар уларга ҳавас қилиши ҳам аниқ. Чунки улар бир кунда 15-20 километр масофада велосипедда сайр қилишни ўзларига одат қилишган.Ҳаваскор велоспортчиларимизнинг мана бу ташаббуслари қувонарлидир.


Спорт фахрийларини қарийб 710 километр узоқликдаги масофада хавфсиз ҳаракатланишлари учун вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси томонидан йўл харажатлари учун молиявий кўмак ажратилди. Фахрий велоспортчилар вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда шифокорлар ҳамроҳлигида тантанали кузатиб қўйилди.

М.Сулаймонов, ЎзА