8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Бухорода 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги” доирасида “Аёл борки, олам мунаввар” деб номланган учрашув бўлиб ўтди. Тадбир халқ таълими ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, шунингдек, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси вилоят ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Учрашувда халқ таълими тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган устоз-мураббийлар, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” унвони соҳибалари таклиф этилди. Тадбирда устозлар ибратли ҳаёт йўллари, машаққатли ва шарафли касбда кечган фаолиятлари ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берди.
– Инсон ҳамиша ўз олдига юксак мақсадлар қўйиши ва ҳар қандай қийинчилик пайтида ҳам мақсадидан чекинмаслиги керак, – дейди “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” Олия Муродова. – Қайси касбни танламасин, ўша соҳани пухта билишга интилиши, севиши ва ўз устида изланишдан, меҳнат қилишдан қочмаслиги лозим. Чунки ҳар қандай муваффақият ортида машаққат ётади. Меҳнатингиз ҳеч қачон мукофотсиз қолмайди. Бунга ўз ҳаётим мисолида гувоҳман. Азбаройи касбимга бўлган садоқатим – бутун фаолиятим бўйи ҳар куни 30 километр йўл босиб, Бухоро шаҳридан Жондор туманига ишга қатнаганман. У пайтлари транспорт масаласи жуда оғир эди. Шунга қарамай мактабимни, ўқувчиларимни ва касбимни жуда севардим, ҳозир ҳам. Ана шу муҳаббат мени атрофдагиларнинг, жамоанинг ва ўқувчиларимнинг, Ватанимнинг меҳрига, ҳурмату эҳтиромига сазовор этди.
– Муқаддас битикларда “Бешикдан то қабргача илм изла!” дейилади, –дейди “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” Абера Рустамова. – Мен бутун умр ана шу ўгитга амал қилиб яшадим. Ўқувчиларимни ҳам доимо шунга ундадим. Ҳозир ҳам гарчанд 70 ёш остонасида турган бўлсамда, мадрасада таҳсил оляпман. Диний ва дунёвий билимларимни бойитиб, ҳаёт ҳақидаги қарашларимни яхлит кўришга интиляпман. Мен ҳар бирингизга илм олишдан асло тўхтамасликни маслаҳат берган бўлардим. Азиз қизларим, илм – ҳар қандай муаммонинг, ҳар қандай мушкулотнинг ягона ва тўғри ечимидир. Агар ҳаётингиз гўзал ва тўкис бўлишини истасангиз, албатта чуқур илм олинг. Илм сизни юксакликка кўтаради.
–Ҳаёт йўллари узун ва бу йўлнинг ўзгармас, қатъий қоидалари бор, –дейди Бухоро шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг собиқ директори, “Халқ таълими аълочиси” Муҳиба Сатторова. – Биз оддий йўллардан ҳамиша хоҳлаган еримизга – ўқишга, ишга, тўй-тантанага боришимиз ва яна қайта изимизга қайтишимиз мумкин. Аммо ҳаёт йўлларида орқага йўл йўқ. Шунинг учун ҳам бу йўлда юраётганда, ҳар бир қадамингни ақл билан, виждон ва иймон билан босишинг лозимки, кун келиб пушаймонлик қалбингни кемирмасин. Яшаган умринг беҳуда сарфланмасин, жамиятга, одамларга ҳамиша нафинг тегсин. Ана шунда сени давраларда ҳурмат-иззат ва яхши ном билан тилга олишади.
– Мен Бухоро шаҳридаги 23-умумтаълим мактабида 50 йил жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида фаолият олиб бордим, – дейди “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” Наиля Камалова. –Ана шу 50 йил ҳаётимнинг энг жўшқин ва фараҳли онлари бўлганлигини ҳамиша фахр билан тилга оламан. Инсон – қачон ҳаракатдан тўхтаса, яшашдан ҳам тўхтайди. Тананинг доимий ҳаракатда бўлиши – унинг соғлигини таъминласа, ақлу шуурнинг ҳаракати – маънавиятини тўкис, баркамол бўлишига хизмат қилади. Бу иккиси ҳар доим уйғун ҳолда ҳаракатда бўлмоғи лозим. Истардимки, ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтаманг. Баъзан қоқилишингиз, ҳатто йиқилишингиз мумкин. Аммо ўзингизни ўнглашга ҳар доим куч топа олинг ва ҳаракатда давом этинг. Шундагина кўзлаган манзилингизга етасиз.
Ўқувчи-қизлар устозларнинг қизиқарли ва ҳаётий ҳикояларини, ўгитларини мароқ билан тинглади, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби ашула ва рақс тўгараги аъзоларининг мусиқий ва бадиий чиқишлари кечага байрамона кайфият улашди. Тадбирнинг давоми элимизнинг ардоқли шоираси Зулфияхоним ижодига бағишланган мушоирага уланди.
Тадбир якунида фахрий устозларга байрам совғалари берилди.
Зариф Комилов, ЎзА