Фахрий стол теннисчилар баҳси
Тошкент вилоятида жойлашган стол тенниси марказида фахрийлар ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ўтказилди.
Мазкур мусобақада республикамизнинг турли вилоятларидан келган 70 нафарга яқин эркак ва аёл теннисчилар совринли ўринлар учун куч синашди.
Иштирокчилар дастлаб гуруҳларга бўлинган ҳолда рақобатлашди. Ўз гуруҳларида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган спортчилар плей-офф босқичида олимпия тизими бўйича курашни давом эттирди.
Уч ёш тоифасида ўтказилган мусобақада Татьяна Матвеева, Александр Бойченко, Асатулло Розиқов олтин медални қўлга киритди. Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА