Фахрий ҳарбийлар ва ёшлар учрашуви
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда “Уч авлод учрашуви” тадбири ташкил этилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши ҳамда Фахрийлар кенгаши ҳамкорлигида ўтказилиб, унда фахрий ҳарбийлар, бугунги Ватан посбонлари ва ёшлар бир даврада жам бўлди.



Тадбир давомида Ватанга садоқат, ҳарбий бурч, жасорат ва фидойилик каби юксак қадриятлар улуғланди. Фахрийларнинг ҳаётий тажрибаси ва хотиралари ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилди. Самимий мулоқотлар, хотираларга бой чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.



Қайд этилишича, бундай учрашувлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, миллий армиямиз нуфузини ошириш ҳамда авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири