Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фахриддин Нуралиев: "Тез орада "Сағбон" подстанциясида тўлиқ кучланиш берилади ва таъминотда муаммо бўлмаслик чоралари кўрилади"
12:36 / 2023-11-25

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали балансидаги Олмазор туманининг “Сағбон” подстанцияси трансформаторида носозлик юзага келган.

Бу ҳолат сабабли ушбу тумандаги айрим ҳудудларда қисман электр таъминотидан узилишлар кузатилди. 

Айни чоғда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали мутахассислари томонидан ушбу подстанцияда олиб борилаётган ишлар якунланмоқда. 

Ушбу жараёнлар ҳақида тезкор видеолавҳалар  тайёрлаб,   истеъмолчиларга вазият ҳақида  хабар  бераётган "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ахборот хизмати  раҳбари Фахриддин Нуралиев ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди: 

- Аввало, содир бўлган ҳолатни тўғри тушунган истеъмолчиларга жамоамиз номидан миннатдорлик билдирамиз.      

Туну кун ишлаётган жамоанинг асосий мақсади аҳоли ва истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлашга қаратилган. Мавжуд  авариявий  ҳолат  ҳам олиб борилаётган мавсум ишлари жараёнида содир бўлди.  

Аниқроқ айтадиган бўлсак, Тошкент шаҳри истеъмолчиларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида олиб борилаётган модернизация ишлари жараёнида, яъни қуввати 40 000 кВА бўлган янги куч трансформаторини алмаштириш пайтида таъминот вақтинчалик иккинчи трансформаторга ўтказилгани учун тармоқда юклама ошиб кетган ҳамда бу авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган.

Шу сабали, тумандаги муҳим ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли пунктларини бирламчи электр энергияси билан таъминлаш мақсадида дизель генераторлари олиб келиниб, тармоққа улаш ишлари олиб борилди. Айни пайтда истеъмолчиларимизга электр энергияси етказиб бериляпти.  Албатта, буни вақтинчалик чора дейиш мумкин. 

Аслида, жамоамиз ҳозирда режадаги ишларни тезкор бажармоқда. Ўтган 24 соатлик вақтда иш жараёни бир сония ҳам тўхтатилмади. Улар таъминотни яхшилаш учун ускуналарни алмаштирмоқда.

Олиб борилган ишлар ҳақида айтадиган бўлсак, подстанциядаги трансформаторга 37,5 минг тонна мой қуйиш якунланмоқда. Бу узоқ вақтни оладиган жараён эди. Шу билан бирга, яна айрим зарур монтаж ишлари ҳам якунланиб қолди.

Ҳозир параллел равишда иккинчи трансформаторда Хитойдан келтирилган қурилмалар ўрнатиляпти. Бу ишлар хитойлик ҳамкасбларимиз томонидан амалга оширилмоқда. Юклама тушган ва авария содир бўлган иккинчи трансформатор ҳам шу каби модернизация қилинади.

Трансформаторга мой қуйилиб бўлгандан кейин тўлиқ кучланиш берилади. Шуни ишонч  билан айтамизки, подстанциядаги модернизация ишлари  якунлангандан сўнг узилишлар бўлмайди ва таъминотда барқарорлик юзага келади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева  ёзиб олди.