Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда
10:47 / 2025-11-21

Навоий вилоятида ҳам тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишини таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Вилоят аҳолиси, ижтимоий соҳа объектлари ва экин майдонларини қиш ва баҳор мавсумида юзага келиши мумкин бўлган табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят ҳудудидан ўтувчи магистраль газ ва ичимлик суви қувурлари, юқори кучланишли электр узатиш линиялари, автомобиль ва темир йўлларнинг сел хавфи бўлиши мумкин бўлган участкалари ўрганилмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, тизимли ҳамкорликни таъминлаш ва олиб борилаётган ишлар натижаларини умумлаштириб бориш мақсадида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳузурида идоралараро “Тезкор штаб” ташкил этилди.

– Жойлардаги “Тезкор штаб” юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган автотранспорт воситаси ҳамда етарли миқдорда ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминланган ва 384 нафар шахсий таркиб ҳамда 100 та техника шай ҳолатга келтирилган, – дейди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳсинжон Эргашев. – Ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги 23 та тиббиёт муассасаларида 339 ўринли захира шифо ўринлари яратилган. Вилоятда сел оқимлари, сув тошқини ва кўчки хавфи мавжуд 5 та туманда 8 та назорат-кузатув постлари ўрнатилиб, вазият бўйича мунтазам алоқа алмашинуви йўлга қўйилган. Бундан ташқари, сув тошқинлари мавсумидан олдин вилоят ҳудудидаги 4 та сув омборларининг сел оқимлари ва тошқин сувларини беталафот ўтказиб юборишга тайёргарлик ҳолати ўрганиб чиқилди ва тасарруфдаги барча тузилмаларда раҳбарлар таркибидан туну кун навбатчилик ташкил қилинди.

Кўчки, тош юмалаши ва тўкилмалар хавфи мавжуд бўлган Навоий вилоятининг Хатирчи тумани Лангар қўрғонидан ўтувчи “Оқтош – Янгиробот – Лангар – Чуя” 4р 56 автомобиль йўлининг 65-68 км оралиғида хавфсизликни таъминлаш юзасидан 3 та махсус техника шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, оғир юк автоуловлари ҳаракатини назоратга олиш, йўлга тушган тупроқ ва ҳар хил ҳажмдаги тош массалари ҳамда йўл четидаги сув ўтказувчи ариқчаларни ўз вақтида, доимий равишда тозалаш ишлари йўлга қўйилган. Кўчки ва тош юмалаш хавфидан огоҳлантирувчи 16 та йўл белгилари ўрнатилиб, йиғинди сувларнинг қувурлар орқали оқиб ўтиши таъминланган.

Вилоятнинг Хатирчи, Нурота, Қизилтепа, Учқудуқ, Навбаҳор, Кармана туманларида дарё, каналлар ва сел йўллари қирғоқбўйи минтақаларида яшаётган аҳолини сел тошқин сувларидан муҳофаза қилиш мақсадида махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилиб, 6055 м3 тупроқ иши, 4975 метр ўзан тозалаш ишлари олиб борилди.  

Шунингдек, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида маҳаллий аҳолини кенг жалб қилган ҳолда ҳудудлардан оқиб ўтувчи барча ариқ ва каналларни тозалаш ҳамда таъмирлаш бўйича ҳашарлар ўтказилди.

Бугунги кунда ҳам амалий ва профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири