Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талабаларнинг хавфсизлик маданиятини ошириш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Маърифат дарси” бўлиб ўтди.
Олий ўқув юрти раҳбарияти ва Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанларнинг таъкидлаганидек, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар билан бир қаторда, уларнинг ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш, ҳушёрлик ва огоҳлик руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бундай дарслар нафақат назарий билим бериш, балки амалий тайёргарликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тажрибали ходимлари иштирок этиб, талабаларга ис газидан заҳарланиш, газ ва ҳаво аралашмасининг портлаши, зилзила каби табиий офатлар билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш бўйича профилактик маърузалар ўқишди. Мутахассислар ҳаётда учраши мумкин бўлган хавфли вазиятлар ҳақида батафсил тушунчалар беришди, уларнинг оқибатларини камайтириш ва тўғри ҳаракат қилиш усулларини кўрсатиб ўтишди.

Шунингдек, тадбир доирасида кенг кўламли махсус тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Унда талабаларга ёнғин содир бўлганда бинодан эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, хавфсиз жойга чиқиш тартиби амалий тарзда кўрсатилди. Ўқув машғулотида иштирок этган талабалар ўзларининг билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлишди.

Тадбир якунида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари талабаларнинг саволларига жавоб бериб, хавфсизлик қоидаларига оид буклет ва эслатмаларни тарқатишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА