Тошкент давлат жаҳон тиллари университетида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси томонидан “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” доирасида профилактик тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида мутахассислар талаба-ёшларга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш, юзага келиши мумкин бўлган турли хилдаги табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш кераклиги хусусида тушунчалар берди.


Фавқулодда вазиятларда хабардор қилиш тартиблари ҳамда махсус турдаги ёнғин ўчириш ва қутқарув ишларини олиб бориш учун мўлжалланган махсус техникалар ва асбоб-анжомларнинг техник хусусиятлари тушунтириб берилди ҳамда соҳага оид тарғибот материаллари улашилди.


Талабалар махсус техникалар ва асбоб-анжомлардан фойдаланиб кўришди.
Шунингдек, тадбир доирасида ёшларга академияга ўқишга қабул қилиш тартиби, академиянинг фаолияти ва соҳага оид тайёрланган тақдимотлар ҳамда видео-роликлар намойиш этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар билан мулоқот ташкил қилиниб, улар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Гулноза Бобоева, ЎзА