Президент Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Фавқулодда вазиятлар давлат тизими фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифалар мамлакатда барқарорлик ва инсон ҳаётини асрашга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир. Бу вазифаларнинг ҳаётда қандай амалга оширилаётгани эса, аввало, жойларда ўтказилаётган қўмондонлик-штаб ўқув машқларида ўз ифодасини топади.
Ана шу маънода, жорий йилнинг 10–12 декабрь кунлари Мирзаобод ва Сирдарё туманларида ўтказилган қўмондонлик-штаб ўқув машқлари фавқулодда вазиятларда бошқарув тизими, куч ва воситаларнинг шайлиги ҳамда хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини комплекс тарзда баҳолаш имконини берди.

Машқлар 10 декабрь куни соат 07:00 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг сигнали асосида бошланди. “Ўзбектелеком” АЖ Жанубий-ғарбий филиали орқали масъул раҳбарларнинг тезкор огоҳлантирилиши ва жойларда қисқа фурсатда амалий ҳаракатларга киришилиши огоҳлантириш ҳамда бошқарув занжирининг узлуксиз ишлаш қобилиятини кўрсатди.
Ўқув жараёнида Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимининг ҳудудий хизматлари, маҳаллий ҳокимият органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари шартли равишда юзага келган техноген ва табиий фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, жабрланганларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда аҳолини хавфсиз эвакуация қилиш бўйича ўзаро мувофиқлашган ҳаракатларни амалга оширди. Бу жараёнда ҳар бир тузилманинг аниқ вазифаси ва жавобгарлик чегараси амалда намоён бўлди.

Мирзаобод туманида ўтказилган тезкор йиғилишда машқнинг мақсад ва вазифалари атрофлича белгилаб берилди. Шахсий таркибнинг тайёргарлик даражаси, техник воситаларнинг шайлиги ҳамда куч ва воситаларни бошқариш салоҳияти туман йиғма жамоасининг саф кўриги орқали баҳоланди.
Қўмондонлик-штаб машқлари доирасида ташкил этилган махсус-тактик машқлар назария билан амалиёт уйғунлигини кўрсатди. Жумладан, “Гулистон нефть базаси” МЧЖ нинг Сирдарё филиалида объект раҳбарияти, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва ФВДТ хизматлари ҳамкорлигида техноген хавф-хатарларни бартараф этиш, ёнғинларни ўчириш ҳамда жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар амалий тарзда бажарилди.

“Нурли метан газ” МЧЖ ҳамда “Ҳудудгаз Сирдарё” МЧЖнинг Мирзаобод филиалида ўтказилган машқлар газ таъминоти объектларида фавқулодда вазиятлар юзага келганда ходимларни қутқариш, хавфли ҳудуддан эвакуация қилиш ва ёнғинларни бартараф этиш бўйича хизматларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини очиб берди.
“Navro‘z Total Textile” МЧЖ даги машқларда эса ишлаб чиқариш биноларида юзага келиши мумкин бўлган вайроналар оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларни қутқариш ва тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ алгоритмлар асосида ҳаракатлар бажарилди. Бу саноат объектларида хавфсизлик масаласи доимий эътибор талаб этишини яна бир бор кўрсатди.

Машқлар жараёнида аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мирзаободдаги Гулистон давлат педагогика институти қошидаги академик лицей ва Сирдарё туманидаги 71-сон мактаб-интернатида ўтказилган семинарларда ёшларга зилзила пайтида тўғри ҳаракат қилиш, хавфсиз эвакуацияни ташкил этиш ва ҳаётий муҳим кўникмалар ўргатилди.
Шунингдек, Сирдарё туманидаги “Бахт” савдо комплекси ҳамда “Бахт-Х” деҳқон бозори ҳудудларида ўтказилган махсус-тактик машқлар аҳоли гавжум жойларда хавфсизликни таъминлаш масаласи нақадар долзарб эканини кўрсатди. Ёнғинларни бартараф этиш ва харидорларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш жараёнлари намунали тарзда намойиш этилди.

Умуман олганда, қўмондонлик-штаб ўқув машқлари Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг жойлардаги имкониятлари, хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик даражаси ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтариш салоҳиятини комплекс баҳолашга хизмат қилди. Машқлар якунида аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Фаол иштирок этган соҳавий хизмат ходимларининг ташаккурномалар билан тақдирланиши эса тизимда масъулият, ташаббускорлик ва доимий тайёргарликни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бу каби машқлар аҳоли хавфсизлигини таъминлашда давлат сиёсати ва амалий ҳаракатлар уйғунлигининг муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.
Ғулом Примов, ЎзА