Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фавқулодда вазиятлар органлари фаолияти такомиллаштирилади
14:00 / 2025-10-22

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Фавқулодда вазиятлар профилактикаси департаменти, Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш департаменти, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ҳамда Молия, моддий-техник таъминот ва муҳандислик департаменти ташкил этилади. 

Фавқулодда вазиятлар вазирининг рақамлаштириш ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармалари тегишинча Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бош бошқармалари этиб қайта ташкил этилади.

Фавқулодда вазиятлар соҳасида барча назорат функцияларини ягона тартиб асосида амалга оширувчи фавқулодда вазиятлар органлари давлат назорати (бош, катта, кичик, етакчи) инспектори лавозими жорий қилинади. 

Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бош бошқармалари, вилоятлар бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари (бошқармалари) бошлиқлари лавозимига кўра тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари - фуқаро муҳофазаси бошлиқларининг ўринбосарлари ҳисобланиши белгиланди. 

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Қарорга кўра, давлат ёнғин назорати органлари ваколатлари фавқулодда вазиятлар органлари зиммасига юклатилади ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича ягона республика ижро этувчи органи ҳисобланади.

Маҳаллаларда фавқулодда вазиятлар профилактикасини манзилли ташкил этиш ва уни самарали амалга оширишда "Маҳалламизни фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланган ҳудудга айлантирамиз" шиори остида "профилактика-муҳофаза" тамойили асосида қуйидаги ташкилий механизмлар жорий этилади: 

а) маҳаллаларда фавқулодда вазиятлар юз бериш хавфини илмий-техник ёндашув асосида жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказган ҳолда хавф индикаторларига кўра ҳар бир маҳаллани "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифаларга ажратиш; 

б) фавқулодда вазиятлар юз бериш хавфи юқори бўлган ("қизил" ва "сариқ" тоифадаги) маҳаллаларни мунтазам равишда "хонадонбай" ўрганиб бориш ва муаммоларни бартараф этиш орқали хавф индикаторларини камайтиришга қаратилган ҳудуд, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида профилактика чора-тадбирлари режаларини ишлаб чиқиш; 

в) туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлим (бошқарма) раҳбар ходимларини, давлат инспекторларини, биринчи навбатда, "қизил" ва "сариқ" тоифадаги маҳаллаларга бириктириш орқали "маҳалла еттилиги" вакиллари ва маҳалла фаоллари билан манзилли комплекс профилактика тадбирларини ташкил этиш; 

г) маҳаллаларнинг хавф даражаларидан келиб чиқиб, ҳудудий бирлик доирасида давлат инспекторларини профилактика тадбирларини амалга ошириш учун экстерриториал тамойил асосида тақсимлаб бориш; 

д) маҳалла фуқаролар йиғини биноси ва ҳуқуқ-тартибот масканларида давлат инспекторларининг "Маҳалла муҳофазаси" хизмат хонасини ташкил этиш, "маҳалла еттилиги" вакилларининг аниқ вазифаларини белгилаш ҳамда уларнинг ижросини мувофиқлаштириб бориш тизимини жорий этиш; 

ж) замонавий техник воситалар ва технологиялар ёрдамида фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар юз бериш хавфи юқори бўлган ҳудудларда вақтинчалик махсус постларни ташкил қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларни тезкорлик билан бартараф этиш тизимини яратиш; 

з) маҳаллалардаги уй-жой фонди ва бошқа назорат объектларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бошқа техник- профилактик чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, натижадорлиги бўйича таъсирчан давлат назоратини ўрнатиш ҳамда фаоллиги учун масъуллар ва жамоатчилик вакилларини рағбатлантириб бориш тартибини йўлга қўйиш; 

и) аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, ижтимоий, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари жамоалари билан фуқаролик муҳофазаси борасида ўқув-амалий ва комплекс тартибот-профилактика тадбирларини тизимли равишда ўтказиш; 

к) ўрмон фонди объектларида мавсум олди ва мавсумда, пахта-тўқимачилик кластерлари, қурилиш объектлари ҳамда йирик савдо- кўнгилочар марказларда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари доирасида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг мол-мулкини асрашга қаратилган манзилли профилактик тадбирларни олиб бориш.

ЎзА