Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фавқулодда вазиятда тўғри ҳаракатланишни биласизми?
12:42 / 2024-01-28

Қизил Ярим Ой жамиятининг Бухоро вилояти ташкилоти томонидан Бухоро туманидаги 16-ўрта мактабда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, бунга жиддий ҳозирлик кўриш, бу борада ёш кўнгиллиларни тайёрлаб, улар кўмагидан омилкорона фойдаланиш юзасидан семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренингда сўзга чиққан вилоят ташкилоти раиси Шаҳодат Ихтиёрова давлатимиз раҳбари “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилган жорий йилда айнан навқирон авлод вакилларининг хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракатланиш, уларнинг ўз-ўзини ҳимоялаш, жабрдийдаларга биринчи ёрдам кўрсатиш борасидаги назарий билим ҳамда амалий кўникмаларини кенгайтириб, мустаҳкамлаш билан боғлиқ масъулият янада ошганини таъкидлади. Қолаверса, ўзаро жонли, эркин мулоқот асносида кечган учрашувда Қизил Ярим Ой жамияти низоми асосида Ёшлар ишлари агентлиги, фавқулодда вазиятлар бўйича малакали мутахассислар ҳамкорлигида кўнгиллилар сонини ошириш, уларни тайёрлаш, шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллаларда аҳоли қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини фаол ва самарали тарғиб этиш, табиий ва техноген тусдаги эҳтимолий офатлар оқибатларини бартараф этишга ихтисослашган махсус гуруҳларни шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Жамиятнинг вилоят ташкилоти фавқулодда вазиятлар бўйича мутахассиси Д.Бобоева ушбу муҳим ва кенг қамровли тузилма тарихи, Женева конвенциясининг бу ташкилот ютуқларидаги ўрни, шу йўналишдаги халқаро ҳаракатлар, диёримиздаги тегишли муассасалар фаолияти хусусида тўхталиб, кўпгина муҳим ҳамда фойдали маълумотларни тақдим қилди. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро тумани бўлими раҳбари М.Саъдуллаева волонтёрликнинг аҳамияти, мақсад ва вазифалари, қолаверса, бухоролик кўнгиллиларнинг бугунги ишлари ҳақида фикр юритиб, бу жараёнда ихтиёрий бирлашув, бир ёқадан бош чиқариш асносида инсонпарварлик, юртпарварлик ғоялари илгари сурилаётганига урғу берди.

Семинар-тренинг давомида, айниқса, йиғилганларга, хусусан, ёшларга фавқулодда ҳолатларда омилкорона ҳаракатланиш, жабрланувчиларни фалокат жойидан омон-эсон олиб чиқиш, зарур қутқарув ишларини амалга оширишни, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиб, ўпка ва юрак реанимациясини ўтказиш йўл-йўриқларини тушунтиришга қаратилган махсус амалий машқлар ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Вилоят миқёсидаги тажрибали мураббий Н.Эгамов бошчилигида намойиш қилинган “Сиз биринчи ёрдамни биласизми?” мавзусидаги бундай кўргазмали чиқишлар волонтёрлар учун яхшигина сабоқ ва билим манбаи бўлди.

Бухоро шаҳридаги 19-ўрта мактаб ўқувчиларидан иборат “Ёш қутқарувчи” гуруҳи беш дақиқа ичида чодир ёйиш машқини намуна тариқасида кўрсатиб берди. Тадбир сўнгида эса вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан борган ижрочи директорларга ва санпост гуруҳлари раҳбарларига ўн хил номдаги сангигиена воситалари тўлдирилган санитария сумкалари топширилди. Шунингдек, ташкилотчилар ҳамда санпостларнинг фаол етакчилари вилоят ташкилотининг ташаккурномалари билан тақдирланди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири