“Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир!”
Шавкат Мирзиёев
Дунё мамлакатларининг давлат бошқарувида шундай бир амалиёт бор, яъни, давлат раҳбари ўзининг Конституция ва қонунлар билан берилган ваколатлари доирасида узоқ келажакка мўлжаллаган режасини дастлаб сайловолди дастурларида эълон қилади ва ҳокимият тепасига келганидан сўнг, унинг ижросини таъминлаш мақсадида муҳим давлат дастурларини қабул қилади. Ушбу дастурлар давлат ва жамият ҳаётига бевосита боғлиқлиги боис, давлат раҳбарининг ҳар йили мамлакат парламентига ва халқига тақдим этадиган Мурожаатномасида кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этади.
Бизда ҳам худди шундай амалиёт мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакат Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома тақдим этиши – Янги Ўзбекистонда ўзига хос анъанага айлинб қолди, десак асло муболаға бўлмайди. Қолаверса, буни Ўзбекистон Президентининг нафақат Конституциявий ваколати сифатида, балки очиқлик ва ошкоралик сиёсатига содиқлиги, шунингдек, мунтазам равишда парламент ва халқ билан давлат ишларини бошқаришда бамаслаҳат иш олиб боришига яққол мисол сифатида кўрсатиш мумкин.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бутун халқимиз, кенг жамоатчилик фаоллари, хусусан барча даражадаги депутатлар, сенаторлар ва ёшларимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди.
Бунинг бир қанча сабаблари бор, албатта.
Биринчидан, Мурожаатномада таъкидлангинидек, дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазиятга қарамасдан мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар давом эттирилганлигидадир.
Иккинчидан, қанча оғир бўлмасин, бошлаган демократик ислоҳотларимизни қатъий давом эттирганимиз; халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати; ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтирганимиз; одамларимизнинг онги ва дунёқарашини ўзгартириб, эл-юртимизни янада жипслаштирганимиз; тадбиркор, деҳқон ва фермерларимизнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати; ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсатдир.
Президент Мурожаатномасида илгари сурилган ва Янги Ўзбекистоннинг келгусида янада тараққий эттириш йўлида белгилаб олинган вазифалар ва таклифлар хусусида кенг жамоатчилик ўз муносабати, фикр-мулоҳазалари, таклиф ва истакларини баён этиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида Президентимизнинг демократик жамият барпо этиш ва тараққий топган давлатлар билан ишончли ҳамкорлиқ қилиш, пировардида дунё ҳамжамиятида ўзимизнинг муносиб ўрнимизни эгаллаш борасидан олиб бораётган давлат сиёсатини бутун халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини англатади.
Мазкур мақолада Мурожаатномада алоҳида қайд этилган ва барчамизни жиддий ташвишга солаётган, мамлакат тараққиёти кушандаси бўлиб келган коррупция иллати ва 2026 йилда ушбу иллатга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилинганлиги ҳақида сўз юритишни лозим топдик.
Дарҳақиқат, коррупция бугун пайдо бўлиб қолган бало эмас. Унинг тарихи жуда узоқ ўтмишларга бориб тақалади. Кимлардир буни ибтидоий жамоа тузимидан буён мавжуд деса, яна кимлардир ундан ҳам узоқ даврларга тақалишини айтади. Бизнингча, коррупция иллати инсон ер юзига туширилган даврдан пайдо бўлган бўлиб, ҳозирга қадар у билан бирга “яшаб” келмоқда. Биз буни бежизга таъкидлаётганимиз йўқ, албатта. Чунки, тарихий манбааларда, қолаверса, муқаддас китобларимизда инсон ва нафснинг ҳаётий меъёрлари, уларнинг ўзаро қарама-қаршилиги ва бу мувозанатнинг бузилиши ва унинг оқибати билан боғлиқ кўпдан-кўп ҳикматли – асосли далиллар бор.
Ахлоқий китобларда инсондаги чегарадан чиққан нафсни “ўчоқдаги олов”га қиёс қилишади. Аввал, оловнинг шуъласига маҳлиё бўласан, сўнг... истайсанми-йўқми ўзингни унинг қаърида кўрасан. Охир оқибат, ўт сени куйдириб адо қилади. “Ўз нафсингнинг амири бўлсанг, мардсан” дея ёзган шоир ҳақ.
Бугун биз айтаётган коррупция иллати ҳам худди шунинг ўзи. У дастлаб ўзининг нур таратаётгандек туюлган “чиройли шуласи”га маҳлиё қилади (молу-дунё, орзу ҳавас, шоҳона турмуш ва бошқалар). У шунчалик “жозибадорки”, нафс у томон сени тортаверади. Ва бундай “орзу-ҳаваслар” инсонни охир-оқибат баднафслик деган балога дучор қилади. “Бир думалаб” қисқа муддатда бой бўлишнинг ягона йўли – шу, яъни коррупция. Нафснинг қулига айланган инсон учун коррупция – “яхши яшаш манбаи”.
Сен унинг “доми”га тушиб қолганинг ҳақида ўйлай бошлаганингда эса аллақачон кеч бўлган бўлади. Сўнгги пушаймонлик – ўзингга душман. Вақтни эса ортга қайтариб бўлмайди. Мисқоллаб йиққан обрў-эътиборинг ер билан битта бўлади. Атрофдагиларнинг гап-сўзини қўя туринг, ота-онангиз, оилангиз, фарзандларингиз-чи, улар олдида ким деган одам бўласиз?
Юсуф алайҳиссалом: “Мен нафсимни оқламайман, агар Роббим менга ёрдам бермаса, мен уни тарбия қилишга ожизман” деган эди. Демак, инсон учун нафс – жиддий муаммо. Барча ёмонликларнинг боши – тарбия топмаган нафс бўлгани каби, бугун катта ислоҳотлар йўлида тўғаноқ бўлаётган куч, жамиятимиздаги кўп иллат, ноқисликларнинг бош манбаи ҳам шубҳасиз, коррупция.
Давлат Раҳбари томонидан 2026 йил бу балони енгиш бўйича “фавқулодда ҳолат” деб эълон қилинди. Албатта, Президентимизнинг юқоридаги Мурожаатномасида коррупция иллатига қарши 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши кенг маънода рамзий маъно касб этиши, “фавқулодда ҳолат”ни мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг янги тизими сифатида тушуниш ўринли бўлади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда бир қанча Президент Фармонлари, қарор ва фармойишлари, шунингдек, парламентимиз томонидан қабул қилинган ва 2017 йил 3 январда имзоланган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунни бу иллатга давлатнинг муросасизлигини яққол кўриш мумкин.
Узоққа бормайлик, 2025 йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, парламент ва фуқаролик жамияти институтларини унга қарши кенг сафарбар этиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррпцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тўғри маънода мамлакатимизда 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилинишига ҳуқуқий асос бўлади, десак хато бўлмайди.
Чунки, коррупцияга қарши кураш бу мавсумий тадбир бўлмаслиги, асло сусаймаслиги лозим. Нафс бандалари сал нафасларини ростлаб олишга имкон топдими, бўлди – ҳар қандай эзгулик йўлида кўндаланг бўлиб тураверади. Адолатни оёқости қилади. Президентимиз таъбири билан айтганда, давлатчилигимизга, фуқароларимизни бўлаётган улкан ислоҳотларга ва келажакка ишончини йўққа чиқаради. Энг ёмони, жамият парокандаликка юз тутади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда 2026 йилда коррупцияга қарши кураш бўйича “фавқулодда ҳолат”га барчамиз кўчада бўламизми, ишда бўламизми, ҳатто оиламизда бўлсак ҳам ўта жиддий муносабат билан қарашимиз таълаб этилади. Шундагина, фуқароларимиз, керак бўлса ўзимиз ҳам эртанги кунга, фарзандларимиз келажагига ишонч билан қарай бошлаймиз. Фақат, келгусида эмас, балки бугундан бошлаб жамиятимизда ёрқин ҳаёт ва яхши турмуш кечира бошлаймиз.
Хўш, 2026 йил “фавқулодда ҳолат”да сиз ва биздан нималар талаб қилинади? Бизнинг бурч ва мажбуриятимиз нимлардан иборат?
Бизнингча, бу масалага ҳар ким ўзидан келиб чиқиб хулоса қилиш керак. Чунки, ҳар қандай давлат ва жамият кушандаси бўлган коррупция иллатига қарши кураш бу фақат давлат бошлиғи ёки ҳуқуқ-тартибот органларини иши бўлиб қолмаслиги керак. Агар шундай деб ўйласак хато қилган бўламиз. Таъбир жоиз бўлса, бу иш бутун жамият аъзоларини, шу Ватаннинг ҳар бир онгли фуқаросини, фарзандлари келажагига бефарқ бўлмаган инсонларнинг кундалик вазифасига айланмоғи керак.
Шунинг учун биз Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди коррупция иллатига қарши қандай кураш олиб боради ва унинг фаолияти, асосий вазифалари нималарда иборат эканлиги хусусида фикр алмашишни лозим топдик.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Яна ҳам аниқроғи, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди. Шу билан бирга бошқа бир қанча муҳим ваколатларга ҳам эга. Булар эса, унинг мамлакатимиз суд ҳокимияти тизимида алоҳида мавқега эга эканлигини кўрсатади.
Конституциявий суднинг муҳим жиҳати шундаки, у норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлар экан, бунда Конституция нормасига зид бўлган, айрим ҳолларда, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни яъни фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузулишига олиб келадиган нормаларни ўз вақтида аниқлайди ва бартараф этади. Конституция устуворлигини таъминлаш баробарида коррупцион ҳолатларни олдини олади. Бироқ, бунда албатта тегишли субъектлар ёки фуқаролар ва юридик шахслар томонидан Конституцияга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституциявий судга расман киритилиши керак бўлади. Масаланинг нозик томони ҳам мана шунда. Конституциявий суд ўз ўзича ва ўзи истаган вақтда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни Конституцияга мувофиқлини кўриб чиқиш ваколатига эга эмас. Бу масала, албатта, Конституциявий судга тегишли субъектлар томонидан тегишли тартибда расман киритилиши керак.
Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2025 йилнинг 18 декабрь куни имзоланган ва биз тарихий деб эътироф этаётган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда конституциявий назорат институтини янги даврини бошлаб берди деб, айтишимизга асос бўлади.
Маълумки, кейинги йилларда Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштириш борасида жуда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ва бу шахсан Президентимиз ташаббуслари билан бўлаётгани ҳам кўпчиликка сир эмас. Илк маротаба мамлакатимизда конституциявий шикоят институтини жорий қилиниши бу Янги Ўзбекистоннинг янги сиёсати туфайли содир бўлди. Ҳозирги кунда фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилишлари мумкин. Бироқ, уларни Конституциявий судга мурожаат қилишлари учун шарт қўйилди. Бу қандай шарт!
Агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли. Аҳамият беринг. Фуқаролар ва юридик шахслар фақат , судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилишлари мумкин.
Бироқ, улар Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари агар бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бузилса, ўша норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига шикоят қила олмайди.
Биз юқорида номини қайд этган Президент Фармонининг муҳим жиҳати шундаки, эндиликда Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаатни Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юбориш тартиби жорий қилинди. Бу билан келгусида Конституциявий суд ваколатига тегишли барча масалалар юзасидан фуқаро ёки юридик шахслар судга мурожаат қилишлари мумкин. Бунда, фуқаро ва юридик шахснинг мурожаатида келтирилган масала ҳақиқатдан ҳам асосли бўлса ва бу Конституциявий суд томонидани ўрганилганда лозим даражада ўз тасдиғини топса. Шундагина, фуқаро ёки юридик шахснинг мурожаати Конституциявий суд томонидан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юборилади.
Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъект томонидан фуқаро ёки юридик шахснинг мурожаатидаги масала Конституциявий судга киритилмаган ҳолатларда муаллифга унинг мурожаатидаги масалани Конституциявий судга киритишга асос мавжуд эмаслигини тушунтирган ҳолда хабар бериш ва Конституциявий судга ахборот тақдим этади.
Албатта, бундай амалиётни жорий қилиниши Конституциявий суд томонидан ўз ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Конституцияга мувофиқлигини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принципи – Конституция ва қонуннинг устунлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳа, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ташуаббуслари билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” деб эълон қилиниши муносабат билан бугун барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилмоқда. Шу билан бирга Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди.
Ушбу раҳбарлар тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатилиши ва Президент олдида ҳисобот бериши тартиби мажбурий этиб белгиланмоқда. Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилиши, алоҳида таъкидлданди. Қолаверса, “фавқулодда ҳолат” йилида “Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар – коррупцияга шерик, деб баҳоланади ва жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлади”. Бу гаплар, Президентимиз Шавкат Мирзиёевни жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасига ташрифи ва соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишиши, Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида ўз исботини топди.
Демак, ҳар биримиз, хоҳ мансабдор шахс бўлайлик, хоҳ оддий фуқаро бундан ўзимиз учун тегишли хулоса чиқришимиз вақти келди.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг
судьяси,
юридик фанлар доктори.
ЎзА