Фастфуднинг яна бир зарари ошкор қилинди
Шимолий Каролина университети тиббиёт факультети олимлари ёғли овқат ва тез тайёрланадиган таомлар мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини аниқлади, деб ёзди “New Atlas”.
- Мия нотўғри овқатланишдан азият чекишини билардик, бироқ ҳужайранинг муайян гуруҳи бунчалик заиф бўлишини кутмагандик, - дейди тадқиқотчилар. - Ҳайратланарли жойи шундаки, глюкоза миқдори камайганда фаоллик тез ўзгарган ва бу ҳолат хотирани сусайтириш учун етарли бўлган.
Сичқонлар билан ўтказилган тажриба атиги тўрт кун давомида кўп миқдорда ёғли овқат истеъмол қилиш миядаги глюкозани камайтиришини исботлаган. Тадқиқот учун жониворлар танланган бўлса-да, олимлар ёғли таом, жумладан тез тайёрланадиган егуликни мунтазам истеъмол қилиш деменция, Альцгеймер каби жиддий касалликлар ривожланиши хавфини сезиларли даражада оширишини таъкидламоқда.
С.Раҳимов, ЎзА