Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарзона Адилова: “Мукофот масъулиятимни янада оширди”
19:30 / 2025-07-11

Мамлакатимизда фидойи, фаол ва ташаббускор ёшлар сафи йилдан йилга кенгаймоқда. Жиззахлик “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси Фарзона Адилова ҳам ана шундай изланувчан ёшлардан биридир.

Ёшлар билан ишлаш, уларнинг имкониятларини юзага чиқариш, ижтимоий лойиҳалар орқали ёш авлод ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишда  самарали фаолият юритаётган Фарзона ёш раҳбар ҳамдир.

2001 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган Фарзона ўз тенгқурлари қатори 2017 йилда Ғаллаорол туманидаги 44-умумий ўрта таълим мактабини, 2020 йилда ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тамомлади. 2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тавсияси билан Жиззах давлат педагогика университетининг “Педагогика ва психология” йўналишига имтиёзли грант асосида ўқишга қабул қилинди. Ҳозирда у 4-босқич талабаси.

Фарзона Адилова ёшлигиданоқ жамоатчилик ишларига фаол қатнашди. 2019–2020 йилларда Жиззах вилояти ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари етакчилари кенгаши раиси сифатида вилоятдаги коллеж ёшлари манфаатларини ҳимоя қилган, муҳим ташаббусларни илгари сурган дадил ёшларимиздан бири ҳам айнан у бўлди. 2020–2021 йилларда “Қизлар овози” клуби Жиззах вилояти координатори сифатида  хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқий онг ва фаолликни ошириш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширди. Шу билан бирга, ҳозирги кунгача фаолият юритаётган “Бир қизга бир ҳунар” жамоат бирлашмаси (ННТ) асосчиси ва раҳбари сифатида қизларнинг бандлиги, ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлида самарали ишламоқда.

– Бугун, ёшлигимдаги орзуларимга тобора яқинлашаётганимдан мамнунман, – дейди Жиззах шаҳри Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Фарзона Адилова. – Айниқса, меҳнатларим ҳукуматимиз томонидан “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлангани ғайратимга ғайрат қўшди, десам муболаға, бўлмайди. Бу  нафақат мени, балки менга ишонч билдирганларнинг улкан муваффақиятидир. Ҳаётимда ҳар бир босқичда ўзимга бир савол берганман: “Мен ким учундир фойдали бўла оляпманми?” Айнан шу савол мени ёшликдан ижтимоий фаоллик сари етаклади. Яқинда ҳаётимдаги энг қувончли кунларимдан бири бўлди. Давлатимиз раҳбари қўлидан “Келажак бунёдкори” медалини қабул қилдим. Бу лаҳзада мен ҳар қандай меҳнат, ҳар бир фидойилик бесамар кетмаслигини англадим. Бу мукофотни шунчаки ютуқ сифатида эмас, янги масъулият сифатида қабул қилдим. Энди олдимда бундан ҳам  кенг уфқлар, янада долзарб вазифаларни қўйдим. Янги Ўзбекистон келажагини бунёд этадиганлар бу бугунги қалби олов ёшларимиздир. Уларнинг сафида менинг ҳам ўз ўрним бўлиши – бу энг катта мукофотдир.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири