Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарзандликка олиш билан боғлиқ қандай чекловлар мавжуд?
11:16 / 2021-10-22

Фарзандликка олиш институти ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг асосий кафолатларидан бири ҳисобланади.

Оила институтини янада мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялашда оиланинг аҳамиятини кучайтириш ҳамда оилавий муносабатларда қонунийликни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан "Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун  имзоланди.  

 Киритилган ўзгартишларга кўра, фарзандликка олишни истисно қилувчи жиноятлар аниқ белгиланди.  

 Хусусан, ҳаётга, соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага қарши, ўзганинг мол-мулкини талон-тарож қилиш, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ва бошқа бир қатор жиноятларни қасддан содир этган шахслар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин эмас. Илгари қасддан ҳар қандай жиноятни содир этганлар фарзандликка олувчи бўлиши тақиқланган.  

 Шунингдек, боланинг энг устувор манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахслар ҳам фарзандликка олувчи бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.  

 Маълумот ўрнида таъкидлаш  лозимки, фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг аризасига ва васийлик ва ҳомийлик органлари тавсиясига кўра фуқаролик ишлари бўйича суд қарори билан амалга оширилади.  

 Мазкур қонун аввало жамиятимиздаги мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб тайёрланган ҳамда инсонпарварлик нуқтаи назаридан муҳим ижтимоий-маънавий аҳамиятга эга.  

 Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши тўлақонли таъминланиши ва болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олишни  олдини олишга эришилади.  

 

Муҳайё  Тошқораева,  ЎзА