Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарзандларингизни тамаки маҳсулотларидан ҳимоя қилинг!
12:05 / 2024-06-03

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Фарзандларимизни ва келажак авлодни тамаки маҳсулотларидан ҳимоя қиламиз!” мавзуидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда аҳоли ўртасида чекиш кўрсаткичлари анча пасайган, аммо аҳолининг заиф қатламларини муҳофаза қилиш учун яна қўшимча чораларни кўриш талаб этилади.  

Тадбирда қайд этилганидек, 2022 йил маълумотларига кўра, бутун дунёда 13-15 ёшдаги 37 миллион киши у ёки бу шаклда тамаки истеъмол қилади. Европа минтақасида 13-15 ёшдаги 11,5 фоиз ўғил болалар ва 10,1 фоиз қиз болалар (умумий ҳисобда – 4 миллион киши) тамаки чекади.  

2024 йил 24 майда Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг талабларидан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг 18 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Тамаки маҳсулотлари учун техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ваколатли органлар томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши чоралар кўрилмоқда. Тамаки маҳсулотларининг зарари тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича ахборот-таълим тадбирлари ўтказилмоқда.  

Тамакига қарши кураш чораларини янада кучайтириш зарур. Чунки тамаки саноати болалар ва ўсмирларни тамаки чекишга жалб қилиб, нобуд бўладиган чекувчилар ёки чекишни ташлаганларнинг ўрнини тўлдириш учун агрессив маркетинг стратегиясини олиб бормоқда. Бундан кўриниб турибдики, агар зарур чоралар кўрилмаса, тамаки чекувчиларнинг янги авлоди пайдо бўлиши мумкин.  

Тадбир якунида ёшларимизни тамаки маҳсулотларидан ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, ёшлар ва келажак авлод саломатлигини, миллат генофондини, она-табиатни муҳофаза қилиш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА