Мактаб ва боғчаларда фарзандларимизнинг муносиб таълим-тарбия олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, таълим муассасаларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади.
Бу бежиз эмас. Чунки келажагимиз эгаларининг дунёқараши шаклланиши, билим ва салоҳияти ўсиши, бир сўз билан айтганда, эртанги кун учун пойдевор қурилиши, аввало, боғча ва мактабдан бошланади. Шу боис ҳам болаларимизнинг мактабгача таълим ва умумтаълим босқичида етарли билимларга эга бўлиши учун замонавий шароитларни муҳайё қилиш ҳаёт-мамот масаласидир.

Бу борада ўтган йиллар давомида кўплаб янги мактаб ва болалар боғчалари барпо этилди, эскилари қайта таъмирланди. Таълим-тарбия тизимига қаратилган эътибор ва соҳадаги ислоҳотлар самарасида ёшларимиз жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш, 221 та бронза медалини қўлга киритди. Гарвард, Йель, Принстон, Колумбия, Корнелл каби нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётган талаба-ёшларимиз 500 нафардан, ТОП-100 таликдаги олийгоҳларда ўқиётган йигит-қизларимиз 3,5 минг нафардан ошди. Шунингдек, ёш спортчиларимиз халқаро ареналарда 720 та олтин, 671 та кумуш, 854 та бронза медали соҳиби бўлгани қувонарли.

Бу каби тарихий натижалар бардавомлигини таъминлаш бугунги кунда боғча ва мактабларда олиб борилаётган таълим-тарбия жараёни билан чамбарчас боғлиқ, албатта. Таълим масканларидаги камчилик ва муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш сифатли, натижадор таълим-тарбия учун хизмат қилади.

Шундан келиб чиқиб, парламент қуйи палатаси вакилларининг ҳудудлардаги навбатдаги ўрганишлари давомида мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар фаолияти билан яқиндан танишишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганишларда таълим-тарбия муассасаларидаги бир қатор амалий натижалар, эзгу ташаббуслар билан бирга, айрим муаммолар борлиги ҳам аниқланди.

Масалан, Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Ойдин Абдуллаева Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги ўрганишлари давомида 2-сонли умумтаълим мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу мактаб ҳар жиҳатдан намунали таълим муассасаси ҳисобланади. Қатор спорт мусобақалари ҳамда кўчат экиш ташаббусларида юқори натижаларга эришиб, пешқадамлар қаторидан жой олган.

Айни пайтда мазкур мактабда 1500 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Ваҳоланки, таълим муассасаси бинолари 940 ўринга мўлжалланган. Шу муносабат билан мактаб жамоаси ўқувчиларнинг спорт билан самарали ва мунтазам шуғулланиши учун қўшимча яна битта спорт залига эҳтиёж мавжудлигини билдирди. Ушбу масала депутат назоратига олинди.

Доим таълим-тарбия масалаларида пешқадам бўлиб келадиган “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ҳам ўргнишлари давомида ҳудудлардаги боғча ва мактаблар фаолияти, улардаги ютуқлар ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратди. Ўрганишларда маълум бўлганидек, Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабида ўқувчилар сони меъёрдан ортиқ. Қўшимча 330 ўринли бино қуриш зарурати мавжуд. Тумандаги 19-сонли мактабда эса замонавий спорт залига эҳтиёж бор. Мавжуд спорт зали 1960 йилда қурилган бўлиб, бугун талабга жавоб бермай қолган.
Фракция аъзоларининг Деҳқонобод туманидаги ўрганишлари давомида 13-мактаб бинолари эскиргани, шу сабабли уларни реконструкция қилиш масаласи кўтарилди. Қарши шаҳрида эса педагоглар томонидан “Тарбия” фанининг дарсликларини қайта таҳрирлашга эҳтиёж борлиги айтилди.
Экофракция азоси Жавлон Абдуллаев Фарғона вилояти Қува туманидаги 14-сонли мактабгача таълим ташкилоти шароитларини ўрганганда, ушбу болалар боғчаси ачинарли аҳволда экани маълум бўлди. Бинолар тўлиқ таъмирга муҳтож, ёритиш тизими ишламаяпти, девор ва шифтларда чуқур ёриқлар бор. Бундан ташқари, боғча “catering” тизимига ўтказилган, аммо овқат узоқ ҳудуддан етказилиши сабабли сифатли ва иссиқ ҳолда етиб келмаяпти.
Депутат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда мазкур 14-сонли боғчани дастурга киритиб, шароитини яхшилаш бўйича иш олиб боришни режалаштириб қайтди.
Халқ вакилларининг таълим-тарбия масканларидаги бу каби ўрганишлари давомида аниқланган муаммоли масалалар, албатта, тегишли мутасаддилар билан муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилиши лозим.
Зеро, таълим-тарбия жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган муаммолар сифатга, самарадорликка таъсир қилмаслиги керак. Фарзандларимиз қулай шароитларга эга бўлган муассасаларда замонавий таълим-тарбия олиши, элу юрт кутганидан-да зиёда кадр бўлиб етишиши ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА