Гулистон шаҳридаги “Тадбиркорлар ва ҳунармандлар маркази”да илғор педагоглар, таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида 2023-2024 ўқув йили олдидан ташкил этилган “II Устозлар миллий форуми”нинг вилоят якуний босқичи бўлиб ўтди.
Бугунги кунда вилоятда жами 335 мактаб ҳамда 971 мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Шундан 308 таси умумтаълим мактаблари, 4 таси махсус мактаб-интернатлари, 2 таси бошқарма тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаблар ва Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги 10 та ихтисослаштирилган мактаблар, 1 та Президент мактаби, 1 та Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ҳамда 201 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 39 та ДҲШ асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва 731 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир.
Ўтган ўқув йили давомида эришилган натижаларни таҳлилий сарҳисоб қилиш ва жорий йилда вилоят халқ таълими соҳаси олдида турган режаларни белгилаб олиш кўзда тутилган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев қатнашди. Дастлаб вилоят ҳокими 2022-2023 ўқув йилида юқори натижаларни қўлга киритган ёш спортчилар, ўзларининг юксак иқтидори билан бу йилда давлат гранти асосида нуфузли олий ўқув юртларининг талабаларига айланган ёшлар билан суҳбатлашди. Сўнгра сирдарёлик моҳир педагогларнинг янги технологиялар асосида олиб бораётган машғулотлари ҳақида амалий кўргазмалари билан танишди. “Ҳунарманд болалар”, “Бир ўқувчи-бир касб”, “Ихтирочи болалар”, “Ватан таянчи отряди”, “Янги авлод дарсликлари” каби кўргазмалар, айниқса, мактабга илк қадам қўйиш арафасида турган болалар учун тақдим қилинган “Президент совғалари” барчага манзур бўлди.
[gallery-13354]
Вилоят раҳбари ўз сўзида давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топиши учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, устозларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг қадр-қимматини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар моҳиятига алоҳида эътибор қаратди.
–“Фарзандларимизни билимли, зукко, ўз соҳасининг кучли мутахассиси, ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишини Президентимиз, ота-оналаримиз, қолаверса халқимиз умид билан кутиб турибди. Сиз азиз устозларнинг машаққатли меҳнатларингизни ҳамиша қадрлаймиз. Сизлар учун, илм масканлари учун, ҳар қандай кўмакка ҳар қандай шароитда тайёрмиз”, – деди вилоят ҳокими ўз нутқида.
Тадбир давомида ўтган олти ой мобайнида тизимда сезиларли ишлар амалга оширилганига эътибор қаратилди, шунингдек, янги ўқув йилидаги режаларга атрофлича тўхталиб ўтилди.
Тадбирда таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган, фаол, ташаббускор ва изланувчан кўплаб таълим фидойилари вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (сурат), ЎзА.