Фарзандларим мендан ҳам бахтли яшашига ишонаман
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бу гал мамлакатимиз Конституцияси куни арафасида ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган Бош Қомусимиз бизга кўплаб ҳуқуқлар берди. Бугунги сайловда ўз хоҳиш-иродамизни эркин ифода этишимиз ҳам ана шундай ҳуқуқлардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бу гал мамлакатимиз Конституцияси куни арафасида ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган Бош Қомусимиз бизга кўплаб ҳуқуқлар берди. Бугунги сайловда ўз хоҳиш-иродамизни эркин ифода этишимиз ҳам ана шундай ҳуқуқлардан биридир.Сайловда ҳар бир киши бир овозга эга. Шунинг учун ҳам бугун оиламизнинг барча аъзолари ўзимиз яшайдиган ҳудуддаги 346-сайлов участкасига келиб, овоз бердик. Миллий сайлов қонунчилигимизга мувофиқ, ҳар ким ўзи муносиб деб билган номзодга овоз бериш учун сайлов участкасига келади.
Инсон бахтли яшаши учун барча шароит ва имконият яратилган жамиятда яшаб туриб, унда кечаётган жараёнларга бефарқ бўлиш мумкин эмас. Ватанимизнинг эртанги тараққиётини белгилашда муҳим аҳамиятга эга сайловда юртдошларимизнинг фаол иштирок этаётгани бежиз эмас.
Мен – фермерман ва бундан фахрланаман. Мустақиллик туфайли мамлакатимизда хусусий мулкка алоҳида эътибор қаратилди, фермерлик жамиятнинг етакчи кучига айланди. Бугун юртимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари асосан фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бунда фермерларга яратиб берилаётган имконият ва қулайликлар муҳим омил бўлаётир.
Фермер хўжалигимиз йилдан-йилга ривожланмоқда. Хўжалигимиз 10 замонавий техникага эга. Бу мавжуд 66 гектардан зиёд майдонда барча деҳқончилик ишларини оби-тобида амалга ошириш учун етарли. Жорий йилда пахта ҳосилини мўлжалдагидан ошириб бажардик. Дондан ҳам баракали хирмон кўтардик. Етиштирилган ғалланинг 62 тоннаси шартнома асосида давлатга сотилган бўлса, 65 тоннаси ихтиёримизда қолди. Ундан хўжалигимиз барча аъзолари меҳнат улушига қараб баҳраманд бўлди. Бундай ҳолни собиқ тузум даврида тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.
Хўжалигимиз кўптармоқли. Деҳқончилик билан бирга, чорвачилик ва балиқчилик ҳам барқарор ривожланмоқда. Келгуси йили сутни қайта ишлашни йўлга қўямиз. Бу яна бир неча янги иш ўрни дегани.
Биз эркин меҳнат қилиб, фаровон яшамоқдамиз. Мамлакатимизнинг эртаси бундан-да нурафшон бўлишига ишонамиз. Фарзандларим, невараларим мендан яхшироқ ва бахтлироқ яшашига ишончим комил. Эртага амалга ошириладиган ислоҳотлар турмушимизни янада тўкин қилади. Сайловда мана шунинг учун овоз бердим.
Рўзиқул Сайлихонов,
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги
“Соҳиб” фермер хўжалиги раҳбари,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор