Янги йил байрами муносабати билан Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида фарзандлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида яна бир муҳим ижобий натижага эришилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасининг туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздор шахсдан икки нафар вояга етмаган фарзанди фойдасига 92 миллион сўмлик алимент қарздорлиги тўлиқ ундириб берилди.

– Алимент тўловлари фарзандларнинг муносиб тарбия олиши, таълим ва кундалик эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Соҳибжон Рафиқов. – Шу боисдан ҳам Бюро томонидан алимент қарздорликларини ундириш масаласи доимий назоратга олинган бўлиб, ҳар бир иш қонун талаблари асосида қатъий чоралар кўрилган ҳолда ҳал этиб келинмоқда.
Янги йил байрами олдидан мазкур маблағларнинг ундирилиши фарзандлар ва уларнинг оиласи учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Бу эса қонун устуворлиги ва болалар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканининг яна бир яққол тасдиғидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.