Футбол бўйича яқинда якунига етган Жаҳон чемпионатидан сўнг бир ой, эҳтимол 4 йил футбол мухлислари ўртасида баҳслар давом этар. Мундиал ўйинларида ҳар бир мухлис ўзига қизиқ жиҳатларга эътиборини қаратди.
Менда кўпроқ бутун дунёдаги футбол мухлисларини иккига бўлиб юборган Роналду ва Месси, Францияни курашга қайтарган Мбаппенинг онаси ҳақида ёзиш истаги туғилди. Яна бир холат. Ҳар қандай кучли эркакнинг ортида кучли аёл туради, деган фикр нечоғли ҳақиқатга яқин эканлигини билиш истаги тинчлик бермайди одамга.
Хўш, бу уч қаҳрамоннинг карьерасида онасининг ўрни, таъсири қандай? Улар фарзандларига қай тарзда мотивация берган ва бериб келмоқда? Шу ва бошқа саволлар атрофида мулоҳаза юритамиз.
Криштиану Роналдунинг ютуқларида онаси Долорес Авейро хонимнинг ҳиссаси катталигини ҳамма яхши билади. Яъни Роналдунинг онасини ҳамма танийди. Авейро хоним энг аввало ўғлининг шаънини ОАВдан ҳимоя қилади. Ўғли мағлубиятга учраган пайтлари қўнғироқ қилиб, сабрли бўлишга ундайди. Роналду ҳам онасини жуда қадрлайди.

Аргентиналик юлдуз Лионель Мессининг онаси Селия Куччиттини ўғли танқидларга қандай қараши ҳақида шундай деган:
“Танқидлардан азият чекамиз. Лионель масъулиятни ҳис қилмайди дейишади, бироқ бу ёлғон. Агар ҳамма Леони биз кўрганимиздек кўришганидами? У танқидлар туфайли йиғлайди. Танқид унинг қалбини яралайди. Унга омад тиладим ва ўзи ҳақида қайғуриб, бир пайтлар “Грандоли”да ўйнагани каби футболдан роҳат олиши кераклигини айтдим”.
ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг онаси Фаиза Ламарини ҳам ўғлига келажаги борасида аниқ маслаҳат бера оладиган она. Мбаппе терма жамоасига умид берди. Унинг кўзларида қўрқув кўринмаслигининг сабаби ҳам тарбияда деб айта оламиз.
Бу фикрларни ўқигач спортчи учун она психолог вазифасини бажара олади, деган қарорга келдим. Чунки унинг ҳаётидаги ҳар қандай вазиятларни ҳис қилиб туради. Тўғри, оналар майдонга тушиб футбол ўйнаб бермайди, аммо “парда орти”дан туриб, фарзандини руҳий томонлама соғлом рақобатга тайёрлайди, орзуларини ҳақиқатга айланишига туртки беради.

Ҳеч биримизга янгилик эмас, Роналду ва Месси юқори даражадаги футболчи эканликларини исботлаб қўйишган. Улар ҳақида ҳамма нарсани биламиз. Аммо омад чархпалаги ҳамиша айланиб туришини ҳам унутмаслигимиз керак. Эҳтимол Мбаппе Роналду ва Мессидан кейинги футбол қироли бўлар. Ахир Жаҳон чемпионати финал ўйинида кўз ўнгимизда Месси билан тенгма-тенг рақобатлаша олди.
Месси эса онаси айтганидек орзусига эришди. Роналду ҳозир 37 ёшда. Унинг кейинги қадамлари ҳаммамизга қизиқ. 2026 йилги жаҳон чемпионатида 41 ёшда бўлади. У яна ёшлигига қайтадими йўқми ҳаммасини вақт кўрсатади. Ҳозир бошидан қийин даврларни кечиряпти. Ўз спорт формасини намойиш эта олмаяпти. Айни пайтда ҳаммадан ҳам кўпроқ уни тинглайдиган, далда берадиган онаси деб биламан. Оналар ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳаяжонланиб, улкан ҳиссиётлар билан фарзандини кузатишади. Ахир бутун дунё бизга қарши бўлса ҳам, ким бўлишимиздан қатъи назар онамиз биз томонда бўлади.
Н.Раҳмонова, ЎзА