Кўпинча "фалон" мактабдаги ўқувчилар муштлашган экан, ота-онасига жарима қўлланилибди, деган гап-сўзларни эшитиб қоламиз.
Айниқса, бундай ҳолатлар 11-12 ёшли ўсмир йигитлар орасида тез-тез учраб туради. Халқона қилиб айтганда “ўтиш” даврини бошидан кечираётган бу йигитларга битта гап ортиқча, яримтаси камдек туюлади. Улар сал нарсага қизишиб, асабийлашиб муштига таянишади.
Хўш, вояга етмаган болалар жанжаллашиб қолишса, уларнинг ота-оналарига қайси қонун асосида жарима қўлланилади? Натижа фақат жарима билан якун топадими ёки?..
Саволларимизга Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати катта инспектори, катта лейтенант Гавҳар Усмонова жавоб берди.
— Қандай ҳолатларда вояга етмаган ёшларнинг ота-онаси жаримага тортилади?
— Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болани таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик оқибатида вояга етмаганнинг хулқ-атвори назоратдан четда қолиб кетиш ҳолатлари бўлса, Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 47-моддаси (“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик”)га асосан жаримага тортилади.
— Республикамизда охирги 3 ой давомида жаримага тортилган ота-оналар сони қанча?
— Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик натижасида 15 минг нафардан зиёд фуқарога нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилган.
— Тарбияси оғир болалар билан кимлар қандай тартибда иш олиб боришади?
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан умумтаълим мактабларида Ички ишлар органлари вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари жорий этилган.
Таълим муассасалари инспектор-психологлари билан ҳамкорликда ўқувчилар хулқ-атворидаги салбий ҳолатларни, руҳий зарба, низо, салбий эмоционал кечинмали ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш вазифаси белгилаб берилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА