Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарзандингизни телефондан қутқаринг!
08:51 / 2021-10-17

Мен Андижон вилоятида туғилганман. Мактабни тамомлаб азим пойтахтда таҳсил олдим, ҳозир шу ерда ишламоқдаман. Баъзан бир, баъзан икки ойда бўлса ҳам она қишлоғим томон отланаман. Қишлоқнинг тоза ҳавоси, самимий ва меҳрибон одамлари, болалигим ўтган кўчаларни қўмсайман. Юрак энтикаверади. Шунинг учун ҳам тез-тез бориб тураман.

Ҳар гал пойтахтга қайтишда имкони борича поездда қайтишга ҳаракат қиламан. Чунки поездда йўловчи шериклар кўп бўлади, улар билан суҳбатлашаман ва турфа тақдирлар, ўзимга номаълум бўлган турли хил маълумотларга эга бўламан. Бу галги ўриндиқдошим ёш болали аёл экан.

Поезд юрди. Қулоғимга қулоқчинни тақдиму вагон деразасидан табиатнинг гўзаллигини томоша қилиб кетдим. Поезднинг силтаниб юришими ёки бегона одамларнинг кўплиги боланинг йиғлашига сабаб бўлди. Онаси ҳарчанд юпатишга уринмасин, бола баландроқ йиғларди. Қулоқчинимни олиб, бирор жойи оғриётгандир болангизни,- дедим. Аёл эса жилмайиб, унга эмас, телефонимни сўраяпти,  деди. Ёш бола-я, ажабландим. Аёл чўнтагидан шапалоғидан каттароқ телефонни олиб болага берди. Ростдан ҳам бола йиғидан тўхтаб, телефонни кавлай бошлади.

Бугунги кун болалари ҳамма нарсани билади, деб кулиб қўйдим. Она эса негадир хомуш тортиб, сўзлай бошлади.

– Ўғлим чақалоқлигидан йиғласа, телефон бериб, телевизор қўйиб, ишларимни қилардим. Бора-бора у бунга ўрганиб қолди. Кичик бўлсада, бир нечта ўйинларни ўйнашни билади. Вақти келса, телефоннинг қуввати тугамагунча қўлидан қўймайди. Бундан хавотирга тушмоқдаман. Нима қилишни билмай қолдим,–- деб боласининг қўлидаги телефонга ёв қараш қилиб қўйди аёл.

Шу-шу метрога тушсам ҳам, жамоат транспортига чиқсам ҳам ёшларни кузатаман. Ҳақиқатдан ҳам ёшларнинг фикри-хаёли телефонда, қўлларидан қўймай, кўзларини узмай, ичига кириб кетай дейишади. Аввал ҳам шундаймиди? Ёки мен эътибор бермаганманми?

Бугунги кунда замон тез ривожланмоқда. Инсон барча нарсада қулайликка интилиши натижасида барча соҳаларда энг сўнгги қурилмалар кашф қилинмоқда. Хусусан, алоқа воситаларида ҳам. Ҳаётимизни телефонсиз тасаввур қилиш қийин. Кўча-кўйда қайси ёшга қараманг, турли русумдаги уяли телефонларда гаплашаётганини кўриш оддий ҳолга айланди.

Телефоннинг бола саломатлигига қандай таъсири бор?

Интернет маълумотларида келтирилишича, англиялик шифокорлар мобиль телефоннинг организмга зарари кўплигини, турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлишини исботлашган. Лондонда фаолият кўрсатувчи доктор Вини Курана телефоннинг салбий таъсири билан боғлиқ мия саратони болаларни ҳам четлаб ўтмаётганини, агар бунга эътиборсиз қаралаверса, яқин 10 йил ичида саратондан ҳалок бўладиган болалар сони ошиб боришини билдирган.

Шунингдек, электромагнит тўлқинлари инсон ирсиятидаги тартибнинг бузилишига, ҳужайралар фаолиятининг издан чиқишига, организмдаги маълум бир касаллик вирусларининг фаоллашувига сабаб бўлади. Натижада  хавфли ўсма касаллигини келтириб чиқаради. Испаниядаги невродиагностика илмий- текшириш институти олимларининг фикрича, 11-13 яшар болалар қўл телефони орқали икки дақиқа гаплашса, уларнинг бош миясидаги биоэлектрик ўзгаришлар телефонни қўйгандан кейин ҳам икки соатча сақланиб қолар экан.

Шифокорларнинг ўтказган тажрибасига кўра, болалардаги безовталанган мия фаолияти руҳий муаммоларга, ўқиш қобилиятининг пасайишига олиб келган. Бундан ташқари, мобиль телефонлар болаларнинг организмига, бўйининг ўсишига, иммунитетига, диққатини жамлашига салбий таъсир кўрсатган. Қолаверса, телефондаги ўйинларни узлуксиз ўйнаш оқибатида болаларда умуртқа поғонасининг қийшайиши, кўз хасталиклари кузатилганига гувоҳ бўлишган.

Фарзандингиз кун давомида қанча вақт телефондан фойдаланади?

Телефон ва ундаги тасвирлар ақлни ром этадиган, ўзига муте қиладиган  шундай вируски, кундан кунга унинг юқумлилик даражаси ортиб бормоқда. Кичик ёшдаги болалар, ақлини танигани ва ҳатто мактаб ёшидаги болалар ҳам ўзига қўйиб берсангиз, телефонни кеча-ю кундуз қўлидан қўймайди. Бирор бадиий китобдан икки варақ ўқимаса ўқимайдики, телефондан ўзини ажрата олмайди. Боласи инжиқлик қилаверса, қулоғи тинчиши учун унга ўша матоҳни қўшқўллаб топшириб қўяётган ота-оналар ҳам оз эмас.

Ота-оналар болалари бир кунда телефондан қанча вақт фойдаланиши керак деб ҳисоблашади. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини билиш мақсадида ижтимоий тармоқларда сўровнома ўтказдик. Ота-оналар бу саволимизга турлича жавоблар, фикр-мулоҳазалар билдиришган. Айрим ота-оналар фарзанди вояга етмагунча телефондан фойдаланишга рухсат бермаган бўлса, айримлари 2, 4, 6 соатгача рухсат бериши ҳақида ёзишган.

Айрим ота-оналар фарзандига телефон жуда керакли буюм эканлигини, фарзанди қаердалигини билиши учун лозимлигини таъкидлаган.

Сўровномамизда иштирок этган айрим ота-оналар эса болаларнинг телефондан фойдаланиш меъёрлари ҳақида тавсиялар ҳам берган. Масалан,  “Аввало ўзингиз боланинг олдида телефон ўйнаманг. Фарзандингизга телефон ўйнаш учун вақт белгиламанг, аксинча, унинг зарарлари ҳақида тушунтиринг. Болангиз билан кўпроқ суҳбатлашинг, уларни қизиқтирган саволларга, албатта, жавоб беринг. Йўқса, болаларнинг қалбидаги бўшлиқни телефон тўлдиради”- дейди Навбаҳор Каримова.

Мутахассисларнинг фикрича, уяли телефондан фойдаланиш меъёри бир марталик суҳбат учун уч дақиқа атрофида бўлиши, ўн олтига кирмаганларнинг бир марталик суҳбати икки дақиқадан ошмаслиги зарур. Суҳбатлар ўртасидаги оралиқ 20-25 дақиқа бўлганда уяли телефоннинг салбий таъсири камаяди. Болалар бир суткада 30 дақиқадан ортиқ гаплашмаслиги лозим.

Бола неча ёшидан мобиль телефондан фойдалангани маъқул?

Шифокорларнинг таъкидлашича, ўн ёшгача бўлган болаларнинг бош мия, кўз, қулоқ, асаб ва суяк тизимлари ҳали тўла шаклланмаган бўлади. Уяли телефон ақлий қобилиятни пасайтириб, асабийлашишга олиб келади, ўқувчини ва унинг атрофидагиларни машғулотлардан чалғитади. Ҳиндистонда ўн олти ёшгача бўлган болаларнинг уяли телефондан фойдаланиши бутунлай тақиқланган. Япония, Франция ва Испанияда ҳам болаларнинг мобиль телефондан фойдаланишида чекловлар ўрнатилган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, болаларнинг смартфон ва планшетлардан фойдаланиши уларда руҳий ҳамда психологик муаммоларни келтириб чиқаради. АҚШлик олимларнинг таъкидлашича, мамлакатдаги тўрт ёшгача бўлган болаларнинг 97 фоизи, оилавий даромадидан қатъи назар, мобиль телефонлардан фойдаланади. Уйқусизлик, семизлик, яккаланиб қолиш, бош мия шиши, саратон хуружи, бармоқларнинг шикастланиши, мулоқот қобилиятининг пасайиши ва ўрганишнинг чекланиши телефон икки яшар болага етказадиган зарарнинг бир қисми экан, холос.

Телефоннинг бола руҳиятига таъсири қандай?

Бугунги кунда қўл телефонлари ва интернет тармоғида ахлоққа зид тасвирлар шу даражада кўпайиб кетганки, бу ҳол ёшларнинг одоб-ахлоқи ва маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили ер юзида 10 миллиондан ортиқ қиз 18 ёшга тўлмай турмуш қураётган, 16 миллиондан зиёд қиз ҳомиладор бўлиб қолаётган, энг ёмони, бутун дунёда ҳар куни балоғатга етмаганларнинг 2000 нафардан зиёди ВИЧ вирусини юқтириб олаяпти. Бунда мобиль телефон ёки интернетдаги беҳаёликни тарғиб қилувчи турли филмлар, ўйинларнинг таъсири эканлиги кундай равшан. Бундан ташқари, болалар севиб ўйнаётган ўйинларга эътибор қаратсангиз, аксарияти, ваҳший отишмалар, инсон инсонни ўлириши билан ғалаба қозонадиган кўнгил очар дастурлар. Бола ўйин давомида фақат ғалабани ўйлайди. Бошқа нарсалар ҳақида мутлақо ўйлашмайди ҳам. Ўйинда ютиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлади. Бора- бора боланинг ҳаётида юз бераётган воқеалар унинг хаёлига кўчади.   Натижада хаёлига келган ишларни хаётда ҳам амалга ошира бошлайди. Бу эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Болаларнинг алоқа воситаларидан фойдалинишида нималарга эътибор бериш керак?

Фарзандларимиз интернет ва компьютердан фойдаланишида уларни чеклаш эмас, балки ундан оқилона фойдаланишни ўргатиш зарур. Аввало, телефондан фойдаланиш маданиятини ота оналар ўзларида шакллантириши ва ўзлари ўрнак бўлиши даркор.  Қолаверса, балоғат ёшидаги болаларни қаровсиз қолдирмаслик, назардан қочирмаслик керак. Фарзандингиз телефондан нима мақсадда фойдаланяпти, алоқа воситалари билан қанча вақта машғул бўлмоқда. Буларнинг барчаси назоратда бўлиши лозим. Шунингдек, болаларнинг интернет ва компьютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чархлайдиган, маърифий фойда берадиган, одоб-ахлоққа чорлайдиган бўлса, фойдадан холи бўлмайди. Энг муҳими, ҳаёт ташвишларидан бироз чекиниб, ўз фарзандингиз тарбияси учун ҳам вақт ажратинг.

Зеро, болаларга берилаётган бугунги эътибор, тарбия уларнинг комил шахс сифатида шаклланишига, чин инсоний фазилатлар билан вояга етишига, жамиятга, одамларга нафи тегадиган  инсон бўлишига хизмат қилади.

Шундай экан бугун фарзандингизни телефондан қутқаринг!

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА