Пойтахтимизда 2 апрель – Халқаро болалар китоблари куни муносабати билан “Китоб бизни бирлаштиради” мавзусида китобхонлик фестивали бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Республика болалар кутубхонаси томонидан ташкил этилди. Сўлим боғда бўлиб ўтган китоб, адабиёт, маърифат байрамига ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, устозлар, таълим соҳаси фидойилари таклиф этилди.

Республика болалар кутубхонаси директори Дониёр Ўролов ва бошқалар мамлакатимизда болаларни китобхонликка тобора кўпроқ жалб этиш масаласи долзарб аҳамият касб этаётгани, турли ижодий лойиҳалар, кўрик-танловлар ва фестиваллар, адабиёт байрамлари айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Фестиваль доирасида китоб кўргазмалари, “Фарзандимга китоб совға қиламан” акциялари, викториналар, шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, концерт дастурлари ташкил этилди.

Ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар, болалар учун қизиқарли викториналар, сермазмун ижодий мулоқотлар тадбирга янада завқ, хушкайфият бағишлади. Энг асосийси, янги ва яхши китоблар болалар учун энг зўр ҳадя бўлди.
Назокат Усмонова, ЎзА