Бугун жуда кўпчилик ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Турли фикрларни эшитамиз, турли видеолавҳаларни ҳам кўрамиз. Баъзан баъзи лавҳаларни кўрсам ёки воқеаларни эшитсам ўйга чўмаман. Ота-онанинг қайси камчилиги болада акс этаётганини англашга уринаман.
Нега? Чунки мен ҳам яхши ниятлар билан икки ўғилни тарбиялаётган онаман. Қорни тўқ, усти бут. Бугунги кунда шунинг ўзи етарлими? Фарзандларимизнинг ҳар бир хатти-ҳаракати зимдан кузатувда бўлиши керак бўлган кучли информацион хуружлар даврида яшаяпмиз. Шу кунларда болалар таътилда. Бу муддат ишлайдиган ота-оналар учун икки марта синов дегани. Фарзандимнинг уйда эканидан хотиржам кўнглимга куни кеча шубҳа оралади. Ишдан қайтсам катта ўғлим сочини ғалати шаклга солиб олибди, хатти-ҳаракатлари ҳам ўзгачадек... Бу эса у билан алоҳида ва жиддий гаплашиб олишим кераклигини англатарди.
Маълум бўлишича, мактаб, машғулот ва қўшимчалардан вақти ортмаган ўғлим учун таътил интернетдан кўпроқ фойдаланиш учун жуда қулай имконият бўлган. У болалар учун қизиқарли бўлган YouTubeдан видеоларни кўрган ва бошловчига тақлид қилган. Ким учундир бу тақлид у қадар жиддий эмасдир. Аммо бу адашиш учун бошланғич қадамлар бўлиши мумкин...
Яна бир воқеа ёдимга тушди. Баҳор кунларидан бири эди. Ишдан қайтсам, уйимиз олдида бир гуруҳ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўни-қўшнилардан нималарнидир сўраяпти. Кўнглим бир ёмонликни сезгандай сескандим. Чунки бу соҳа ходимлари айланиб қолдими, демак нимадир бўлган деган фикр онгимда доим яшин тезлигида ўтади. Уларнинг олдига етган ҳам эдимки, мени ҳам тўхтатиб саволлар бера бошлашди. Гап нимадалигини шунда англадим.
Қўшнимизнинг 15 ёшли ўғли бор. Достон жуда одобли, ақлли, ҳурмат-иззатни биладиган бола. Айтишларича, у мактаби олдидаги уйларнинг бирига ўғриликка кирганмиш. Ўзини эса топа олишмаётган экан. Бу гапдан ажабландим. Уйимга кириб-чиқиб юрадиган бу боланинг ножўя хатти-ҳаракатларини сезмагандим. Уни топишди. Ўртоғининг уйида экан. Маълум бўлишича, ўзидан 5-6 ёш катта болаларга қўшилиб, ўғриликка қўл урган.
Хўш, у нега бундай қилди? Аслида унинг табиатида жиноят содир этишга мойиллик бормиди?
Бу каби ҳаракатларни содир этган болалар, ўсмирлар, ёшларга нисбатан хулқий оғиш кузатилди, деб ҳисобланади. Айрим тадқиқотчилар болалар ва ўсмирларда хулқий оғишнинг келиб чиқишида ижтимоий муҳит, оилавий муносабатлар ва тенгдошлар гуруҳининг таъсири катта, деб таъкидлайди. Жумладан, В.Ковалев ўсмирлар хулқи ўзгариши психоген (кучли руҳий таъсирга эга) вазиятнинг ситуацион таъсирланишларини келтириб чиқариши ва бундай вазиятларнинг хулқ оғишининг келиб чиқишига таъсири ҳақида гапириб, хулқ ўзгаришини келтириб чиқарувчи психологик, патологик реакциялар хақида алоҳида тўхталади.
Психологик вазиятга оид таъсирланишлар асосан оила, мактаб ёки турли хил уюшган гуруҳлар таъсири туфайли вужудга келиб, маълум шахсга йўналтирилган бўлади.
Ўсмирлар ва ўспиринлар хулқи оғишига бағишланган тадқиқотлардан маълум бўлишича, ижтимоий мослашишнинг издан чиқиши кўплаб жиноятларнинг содир этилишида асосий сабаб қилиб кўрсатилади. Ўсмир хулқи бузилиши механизмининг ривожланишида адаптация (мослашиш) ва дезадапатация (мослашишнинг издан чиқиши)нинг ўрни катта эканлиги маълум. Бир-бирига қарама-қарши бўлган бу икки тушунча инсон организмининг ички механизми билан ташқи муҳит ўртасидаги ўзаро мураккаб боғланишни таъминлашда хизмат қилади. Ижтимоий-психологик мослашишнинг издан чиқиши, дейилганда организм ва ташқи муҳит ўртасидаги мураккаб боғланишнинг издан чиқишини назарда тутади.
Психологларнинг фикрича, шахснинг маълум вазиятларда ўзини бошқара олмай қолиши ва ўзига шикаст етказишга йўналтирилган девиант хулқ. Бу каби ҳолатларни назорат қилишнинг ҳар доим ҳам иложи бўлмаслиги мумкин. Буларнинг ҳаммаси таълим-тарбия билан боғлиқ жараён. Лекин одоб-ахлоқли ёшларда ҳам баъзан ножўя хулқ-атвор намоён бўлиши мумкин.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишида ҳамма бирдек жавобгар бўлади. Маҳалла – мактаб – таълим муассасаси билан ички ишлар органлари ҳамкорлигини янада кучайтириш, бошқа муассасалар томонидан тарғибот-тушунтириш тадбирларини кенг миқёсда ўтказишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Энг муҳими, оиладаги муҳит соғлом бўлиши керак. Ўсмирлар томонидан содир этилган жиноятлар, ҳуқуқ ва ахлоқ меъёрларининг бузилиш ҳолатлари ўрганилганда, 13-17 ёш оралиғидаги ёшлар хулқидаги ўзгаришлар жумладан, катталарнинг эътиборсизлиги, ота-она ва ўқитувчилар билан ўзаро келишмаслик, муқаддам судланган шахсларнинг салбий таъсирига тушиш, спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик балоси кабилар билан боғлиқ экани маълум бўлди.
Назорат, эътибор озгина сусайса фарзандларимиз атрофдагиларнинг таъсирига тушиб қолади. Бугунги интернет, ахборотлар оқими кучайган бир даврда бу хавф янада ортмоқда.
Фарзандларимиз – келажагимиз. Улар билан суҳбатлашишни унутманг.
Барно Мелиқулова, ЎзА