Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарзанд камолоти ота-она учун энг катта бахт
17:33 / 2025-02-18

Бугунги глобаллашган дунёда ҳар бир жамиятнинг келажаги, авваламбор, ёшларга боғлиқ. Баркамол, иродали ва билимли ёшларни тарбиялаш эса оғир, масъулиятли вазифадир.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолий “Иҳёу улумуд-дин” китобида шундай ёзади:

“Бола ота-она қўлида омонатдир. Қалби пок ва нима нақш солинса, уни қабул қилади. Агар яхшиликка йўналтирилса, у дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ва устозлари савобга шерик бўлишади. Агар эътиборсиз қолдирилса, ёмонликка мойил бўлиб, ҳалокатга юз тутади. Бу эса унинг тарбиясига масъул кишиларнинг гуноҳи бўлади.”

Яқинда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, АҚШнинг Миссури университети “Тилшунослик” йўналиши талабаси Дилобар Маҳмудхонованинг отаси Бахтиёр Солиев Президентимиз билан онлайн учрашувда иштирок этиб, фарзандига яратилган имкониятлар учун миннатдорчилик билдирди.

– Ҳар бир ота-она фарзандининг бахтини кўришни орзу қилади, – дейди Бахтиёр Солиев. – Қизим ёшлигидан билимга чанқоқ эди. Уни доим қўллаб-қувватлаганмиз, аммо хорижда ўқишнинг моддий томони ҳақида ўйласам, юрагим безовта бўларди. “Дилбандимнинг орзуси армонга айланиб қолмасмикан?” деган хавотирим кучли эди.

Қизим АҚШнинг Миссури университетида таҳсил олишни орзу қиларди. Лекин бу орзусини амалга ошириш катта маблағ талаб қилиши ойдин эди. Бизда эса бундай маблағ йўқ эди. Шунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ёрдамга келди. Дилобар имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, давлат грантига эга бўлди.

– Ростини айтсам, бу хабарга дарҳол ишонмадик, – дейди у. – Наҳотки барча харажатлар давлат томонидан қопланса? Бир умр эрта баҳорнинг изғирини, ёзнинг жазирамаси, кузнинг ёмғиру-қорли совуқларида далада ишлаб, кўрган машаққатларим шу куни унут бўлди. Қариндошларга: “Мана, ҳақиқат бор экан!” деб хушхабар етказдим. Улар ҳам ишонгиси келмади. Энди эса қизим океан ортида, дунёнинг етакчи университетларидан бирида ўқияпти. Чунки фарзанд камолоти ота-она учун энг катта бахт.

Бахтиёр Солиев фарзанд тарбиясини мураккаб жараён деб билади. Унга кўра, ёшлик инсон ҳаётидаги муҳим чорраҳа бўлиб, у тўғри йўлни танласа, нафақат ўзи, балки оиласи, жамияти ва юртига ҳам фойда келтиради.

– Дарахтни парваришлаб, ҳосилга киритиш учун йиллар керак бўлганидек, фарзандни комил инсон қилиб тарбиялаш ҳам чидам, сабр ва фидойилик талаб этади, – дейди у. – Бу йўлда энг катта меҳнат ота-она ва устозларга тушади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА