Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фаррух Зокиров: мусиқа, санъат, адабиёт доим халқларни бир-бирига яқинлаштиради
07:21 / 2023-08-19

Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар мутлақо янги босқичга чиққани мамлакатимиз маданий ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Яқинда Озарбайжонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари бунга ёрқин мисолдир.

Мазкур маданий тадбир иштирокчиси, Ўзбекистон халқ артисти, "Ялла" ансамблининг бадиий раҳбари Фаррух Зокиров бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Мусиқа, санъат, адабиёт доим халқларни бир-бирига яқинлаштиради. Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, айниқса, санъат, адабиётнинг ўрни ва таъсирини кучайтиришга катта аҳамият қаратилмоқда.

Яқинда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунларини ҳамкорликнинг амалий натижаси, дейиш мумкин. Азалдан ўзбек халқи озарбайжон миллий мусиқаларини севиб тинглайди. Бу халқнинг шеърияти, адабиёти ўзбек китобхонига яхши таниш. Шу билан бирга, ўзбек мусиқаси, шеърияти, сўз санъати ҳам қардош халққа жуда қадрдон.

Боку шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунлари халқларимизнинг тили, дини, анъаналари уйғунлигини кўрсатиш билан бирга санъатга бўлган муносабатлардаги муштарак жиҳатларни яна бир карра намойиш этди. Икки халқ вакиллари ҳам бундай илиқ, самимий, дилга яқин учрашувларни жуда соғингани концертларда, учрашувларда, жонли мулоқотларда яна бир карра намоён бўлди.

Концертларда озарбайжон опера ва эстрада хонандаси Рашид Бейбутов ижро этган қўшиқлардан бирини куйлаганимизда залдаги томошабинлар катта ҳаяжон билан қўшиқни тинглагани бир санъаткор сифатида мени жуда тўлқинлантирди. Гулянақ Маммадова билан биргаликда қўшиқ ижро этганимиз концертларга ўзгача жўшқинлик, файз бағишлади. 

Айтиш жоизки, шу йил май-июнь ойларида озарбайжон фарзанди Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган "Ўзбекистонда Озарбайжон мусиқаси кунлари" лойиҳасида қардош халқ санъаткорлари билан бирга қатнашдик. 

Шу кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни илгари сурган ҳолда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирларда юртимиздаги барча миллат ва элат вакиллари каби озарбайжон диаспораси, шунингдек, Республика озарбайжон миллий маданият маркази вакиллари ҳам фаол қатнашмоқда.

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.