Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фаровон кунлар нашидаси
15:25 / 2020-04-25

Чеҳрасидан нур, самимият уфуриб турувчи Абдусалом ота Раҳмонов Наманган тумани Хонобод қишлоғининг пиру-бадавлат нуронийларидан. Бу улуғ зот Иккинчи жаҳон урушида тинчлигимиз ва халқимизнинг саодатли кунлари учун мардонавор курашган.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Чеҳрасидан нур, самимият уфуриб турувчи Абдусалом ота Раҳмонов Наманган тумани Хонобод қишлоғининг пиру-бадавлат нуронийларидан. Бу улуғ зот Иккинчи жаҳон урушида тинчлигимиз ва халқимизнинг саодатли кунлари учун мардонавор курашган.

Абдусалом ота айни навқирон ёшида фронтга чақирилиб, ўқчи полкида жангга киришди. Москва, Сталинград шаҳарлари мудофааси жанггоҳларида фашизмга қарши курашда матонат кўрсатди.

Урушдан сўнг отахон узоқ йиллар таълим тизимида меҳнат қилиб, ёш авлодга маърифат зиёсини улашди. Умр йўлдоши раҳматли Масъудахон ая билан беш ўғил ва уч қизни эл хизматига камарбаста инсонлар этиб тарбиялади. Ҳозирда фарзанду набиралари, эваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Архив ҳужжатларида қайд этилган маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши йиллари Наманган вилоятидан 70 мингдан зиёд киши фронтга сафарбар этилган. Уларнинг 24 мингги Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган. Урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган фахрийларимизга юксак эҳтиром кўрсатиш давлатимизнинг доимий эътиборида.

– Аллоҳга шукрлар бўлсинким, тинч ва фаровон кунлар нашидаси қалбларимизга ҳузур бағишламоқда, — дейди Абдусалом ота.– Биз, фахрийларга кўрсатилаётган меҳр ва эътибор ёшимизга ёш қўшмоқда. Тилагим, осмонимиз ҳамиша мусаффо, юртимиз тинч бўлсин.