Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фаровон юртнинг гўзал пойтахти
20:21 / 2015-08-04

Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрамини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда мамлакатимизнинг бош шаҳрида яна бир хайрли тадбир – Мирзо Улуғбек, Юзработ, Феруза ва Тараққиёт кўчаларида қатнов йўлини кенгайтириш юзасидан ишлар бошлаб юборилди.

Дунёда эл кўп, элат кўп. Улар орасида донғи етти иқлимга машҳур шаҳарлари билан фахрланиш бахти насиб этган халқлар, давлатлар жуда кам. Ўз шону шуҳрати билан Машриқу Мағрибни лол қолдириб, “Шарқ дарвозаси”, “Тинчлик шаҳри”, “Дўстлик шаҳри”, “Жасорат шаҳри”, “Нон шаҳри”, “Ислом маданияти пойтахти” деган рамзий номларга муносиб кўрилган Ватанимизнинг гўзал пойтахти азим Тошкент ана шундай шаҳарлардан биридир.

Собиқ тузум даврида халқимизнинг кўп асрлик урф-одатлари ва табиий иқлим шароити инобатга олинмай пала-партиш қуриб ташланган иморатлар пойтахтимизнинг ўзига хослигига соя ташлаган эди. Истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллийлик руҳи билан суғорилган замонавий меъморлик, шаҳарсозлик, йўл ва кўприксозлик анъаналарининг шаклланиши туфайли Тошкент шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгарди.

Мамлакатимизнинг бош майдонида бунёд этилган Мустақиллик ва эзгулик монументи, Хотира хиёбони, Олий Мажлис Сенати биноси, Эзгулик аркасини томоша қилатуриб, бу ерда амалга оширилган оламшумул ўзгаришлардан ҳар қандай инсоннинг кўнгли яйрайди. Бир вақтлар бутунлай бетон қопланган ушбу майдонда бугун турфа дарахтлар, гуллару фавворалар киши кўзини қувнатиб, дилини яйратади.

2008 йилда бунёд этилган “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи Амир Темур хиёбони меъморий ансамблининг дурдонасига айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси асосида қурилган ушбу муҳташам сарой деворларидаги сержило нақшлар, маҳобатли мармар устунлар, диаметри 53 метрлик гумбаз меъморлик бобида дунё аҳлини лол қолдирган аждодларимизнинг асрий анъаналари бардавом эканидан далолатдир.

– Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонани томоша қилиш учун Хоразмдан келдим, – дейди Ҳамза Собиров. – Чунки ўтган асрнинг 80-йилларида пойтахтда ўқиган кезларимда мазкур кутубхонанинг доимий аъзоси эдим. Мамлакатимиздаги энг йирик кутубхона бўлишига қарамасдан, бу ердаги шарт-шароитга ҳавас қилиб бўлмасди. Ўқув залларидан зах ҳиди анқиб турарди. Истиқлол шарофати билан бунёд этилган “Маърифат маркази”да жойлашган кутубхонанинг янги биносини кўриб, китобхонлар учун яратилган қулайликлар билан танишиб, ёшларга ҳавасим ортди.

Дарҳақиқат, пойтахтимизда қад ростлаётган муҳташам таълим масканлари, ёшлар саройлари, спорт майдонлари давлатимиз раҳбарининг ёш авлодга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигининг амалдаги инъикосидир. Ўзининг кўрку салобати билан пойтахтимиз ҳуснига ҳусн бағишлаётган Ёшлар ижод саройи, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкентдаги Турин политехника университети ва Тошкентдаги Инха университети бинолари ўзининг меъморий ечими, имкониятлари жиҳатидан ноёб ҳисобланади.

Пойтахтимизнинг янада чирой очиб, аввалгидан-да ёрқинроқ гўзаллик ва тароват касб этишида яшил ҳудудлар ва фавворалар ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг йирик мегаполисида кўкаламзорлаштириш ишларини оқилона йўлга қўйиш қатор долзарб масалаларни ижобий ҳал этмоқда. Бинобарин, ўсимликлар, дов-дарахтлар ҳавони зарарли газлардан тозалаши, чанг ва ғуборларни ушлаб қолиши, шовқинни камайтириши баробарида киши руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда учдан бир қисмини яшил майдонлар ташкил этаётган Тошкент шаҳрида наинки маданият ва истироҳат боғлари, балки янги барпо этилаётган ҳар қандай бино ва иншоот атрофида каштан, қарағай, арча, қайин каби ҳавони тозаловчи ва кислород билан бойитувчи кўплаб дарахтлар ва гуллару райҳонлар экиш, фавворалар бунёд этиш яхши анъана тусини олган. Хусусан, Хадра майдонида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида майдоннинг Навоий шоҳ кўчасига яқин қисмидаги асфальт қопламаси олиб ташланиб, унинг ўрнида яшил майсазор барпо этилди. Манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. 12 метр баландликкача кўтариладиган фаввора тунда ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланиши ҳар қандай одамнинг кайфиятини кўтаради. Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан кўприк қурилиши муносабати билан мазкур ҳудудда ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, йўл бўйига каштан, эман ва лола дарахтлари, райҳон кўчатлари ўтқазилди, фавворалар қурилди.

Буюк Британиядаги “Экономист” журналининг баҳосига кўра, Тошкент шаҳри дунёдаги яшаш учун энг қулай бўлган 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллагани аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасидаги ишлар натижасида пойтахтимиз тобора обод ва кўркам бўлиб бораётгани халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётганидан далолат беради.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланаётгани натижасида халқимиз турмуш фаровонлиги яхшиланиб, ўз шахсий автомашинасига эга бўлаётган юртдошларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айни чоғда пойтахтимизда транспорт-коммуникация тизими изчил такомиллаштирилаётгани, халқаро талабларга мос йўл ва йўл ўтказгичлар, транспорт боғламалари қурилаётгани ҳайдовчи ва йўловчиларга қатор қулайликлар яратмоқда. Айниқса, тирбанд чорраҳаларда бунёд этилган ўнлаб кўприклар аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил, вақт ва маблағини тежаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш баробарида атроф-муҳит мусаффолигини сақлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Эски шаҳар ҳудудида амалга оширилган кўламдор ишларни олайлик. Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлигида амалга оширилган ишлар самарасида мазкур ҳудудда янги йўллар, кўприклар, коммуникациялар барпо этилаётир. Хусусан, Фурқат кўчасини Зарқайнар ва Себзор кўчалари билан боғлайдиган ер ости автомобиль йўли реконструкция қилиниб, Навоий шоҳ кўчасида 46 метрлик ер ости йўлаги қурилиши ҳамда Фурқат кўчасидан ўтувчи 82 метрлик пиёдалар йўлаги таъмирланиши натижасида Тошкентнинг тарихий марказларидан бири бўлган Хадра бутунлай янгича қиёфа касб этди. Олмазор туманидан бошланиб, Беруний кўчасини Шайхонтоҳур туманидаги Осиё кўчаси билан боғлайдиган, Форобий, Қорасарой, Сағбон, Себзор ва Лабзак кўчаларини ўзаро туташтирган 5,1 километр узунликдаги янги Нурафшон кўчасининг бунёд этилиши, Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада узунлиги 642, эни 19 метр ҳамда Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган узунлиги қарийб 500, эни 26 метрлик янги кўприклар қурилиши аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил, вақт ва маблағини тежаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрамини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда мамлакатимизнинг бош шаҳрида яна бир хайрли тадбир – Мирзо Улуғбек, Юзработ, Феруза ва Тараққиёт кўчаларида қатнов йўлини кенгайтириш юзасидан ишлар бошлаб юборилди.

– Ҳар куни Чилонзордан Тракторсозлар мавзесига ишга қатнайман, – дейди Аҳмаджон Ёқубов. – Эрталаб ишга, кечқурун уйга қайтаётганда Мирзо Улуғбек кўчасидаги тирбандлик оқибатида анча-мунча вақт йўқотишга тўғри келарди. Куни кеча бошланган қурилиш ишларини кўриб, тез орада бу муаммо бартараф этилишига ишонч ҳосил қилдим. Бинобарин, транспорт тирбандлиги бу – вақт йўқотиш, асаб бузилиши, ортиқча ёнилғи, экологияга зарар демакдир. Энди буларнинг барчасига барҳам берилади.

Мирзо Улуғбек кўчасида олиб бориладиган ишлар натижасида мавжуд автомобиль йўли 10 метрга кенгайиб, 8 полосали равон, тезюрар йўл қурилади. Энг муҳими, ушбу йўлнинг ишга туширилиши нафақат пойтахтимиз аҳли учун, балки Қибрай тумани орқали Чирчиқ шаҳри ҳамда Бўстонлиқ туманидан келиб-кетадиган минглаб одамларнинг узоғини яқин қилишга хизмат қилади.

Реконструкция ишлари натижасида жамоат транспорти ҳаракати янада такомиллаштирилди. Унга мувофиқ Тракторсозлар мавзесидан Қўйлиқ марказигача ҳаракатланадиган 13-трамвай йўналишининг Тракторсозлар мавзесидан Тошкент вокзалигача бўлган қисми қисқартирилиб, мазкур йўналишда янги автобус йўналиши йўлга қўйилди.

– Янги йўналишда “Mercedes Benz” русумли 12 автобус ҳаракатланиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда, – дейди “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Отабек Содиқов. – Бугунги кунда ушбу йўналишни такрорлайдиган яна 8 автобус йўналиши ҳам мавжуд. Бундан ташқари, Тараққиёт кўчасидан Оҳангарон шоссесигача 3 километр узунликдаги янги трамвай йўлини қуриш ва уни Авиасозлар бекатидан Роҳат кўли бекатигача мавжуд бўлган 5 километрлик трамвай йўли билан улаш кўзда тутилган.

“Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, 2016 йилнинг охирига қадар Роҳат автомобиль айланмасида янги транспорт боғламаларининг бунёд этилиши пойтахтимиздаги транспорт ҳаракатини янада яхшилаш имконини беради.

Ҳа, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, гўзал ва муаззам пойтахтимизда катта тўй – мустақиллигимизнинг 24 йиллиги байрамига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бинобарин, қайсики эл фаровон бўлса йўл қуради, кўприк солади, турли иморату иншоотлар бунёд этади, тўй қилади, шоду хуррамлик билан миллий байрамларини нишонлайди. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида бошланган мазкур бунёдкорлик ишлари, ўзгариш ва янгиланишлар пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун мустақилликнинг 24 йиллигига ўзига хос совға сифатида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ўтаётган байрам тадбирларининг янада кўтаринки руҳда нишонланишига хизмат қилади.