Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, маҳаллаларни обод, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасидаги қилинаётган саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда. Жумладан, Янгийўл шаҳри Фаровон маҳалласида “Обод маҳалла” мезонлари асосида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ана шундай эзгу ташаббуслардан саналади.
Маълумки, жорий йилнинг октябрь ойидан аниқ режа ва тасдиқланган дастурлар асосида маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш, миллий ва замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган қулай яшаш муҳитини яратиш, мазкур масканни Янги Ўзбекистоннинг намунали массивига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган эди.

Қисқа фурсат ичида маҳалла ҳудудидаги 14 та кўп қаватли уйларнинг ташқи кўриниши янгиланди. Уй деворларига миллий қадриятлар, табиатни асраш ва умуминсоний ғояларни акс эттирувчи бадиий суратлар чизилди. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг кириш қисмлари тўлиқ таъмирланиб, ички томонлари замонавий кўринишга келтирилди.

Маҳалла аҳолиси учун қулайликлар яратиш мақсадида кўп қаватли уйлар олд қисмида замонавий автотураргоҳлар барпо этилди, ички йўллар таъмирланди ва транспорт ҳаракати учун қулай шароитлар яратилди. Уйларнинг иссиқлик таъминоти, электр қуввати ва газ тармоқлари ҳам яхшиланди. Яшил ҳудудлар сонини ошириш ва экологик муҳитни яхшилаш мақсадида кўп қаватли уйлар атрофида яшил боғлар ташкил этилди. Уларга замонавий ўриндиқлар ўрнатилди, манзарали ва мевали ниҳоллар экилди.

Айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўп қаватли уйлар олдида замонавий талабларга мос мини футбол, волейбол, баскетбол ва “workaut” майдончалари барпо этилди.

Шунингдек, кичик ёшдаги болалар учун хавфсиз болалар ўйин майдончалари яратилди. Хотин-қизлар учун тадбиркорлик маркази қурилди. Маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшлар орасида маънавий меросга ҳурмат ва маърифатни кенг тарғиб этиш мақсадида улуғ алломалар, мутафаккир олимлар ва ёзувчиларнинг ибратли сўзлари ҳамда қисқа маълумотлари жойлаштирилган пештахталар ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, Фаровон маҳалласида амалга оширилган мазкур ишлар натижасида ҳудуд қиёфаси тубдан янгиланиб, аҳоли учун қулай, хавфсиз ва замонавий яшаш муҳити яратилди.
Шу муносабат билан ушбу масканни фойдаланишга топшириш тадбирида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Президент маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев, барча туман ва шаҳарларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари, бош архитекторлар, депутатлар, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
А.Мусаев, ЎзА.