Бухорода Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси “Фаровон маҳалла – келажак пойдевори” лойиҳаси доирасида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан аҳолини хабардор қилиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вилоятда маҳаллаларни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли турмуш шароитини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Жамол Носиров маълумот берди.
Бугунги кунда 516 та маҳаллада 3 минг 612 нафар “Маҳалла еттилиги” аъзолари фаолият олиб бормоқда. Маҳалла ҳар бир оила, ҳар бир инсон муаммоси, дарду ташвишига чуқур кириб бора оладиган халқчил тузилма сифатида янада фаоллашмоқда.
Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори “маҳалла еттилиги”ни ташкил қилиб, ягона жамоа сифатида ишлаш тартиби жорий этилди. “Маҳалла еттилиги” модели орқали аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланиб, турмуш даражаси ижобий томонга ўзгаришга эришилмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш орқали уларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжлари маҳалланинг ўзида ҳал этилмоқда.
[gallery-26783]
Масалан, “Маҳалла бюджети” тизими орқали 2024-2025 йилларда маҳаллалар ҳисоб рақамларида 36,6 миллиард сўм маблағ шакллантирилган бўлиб, маблағлар инфратузилма, маҳалла бинолари, моддий-техника базаси, “Яшил макон” ҳамда хавфсизлик тизимларини кучайтиришга йўналтирилмоқда.
Матбуот анжуманида “Маҳалла сервис компаниялари” фаолияти, келгуси режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари маҳаллалардаги муаммо ва уларнинг ечимлари қандай бораётгани хусусидаги саволларга жавоб олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.