English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фаровон ҳаёт кафолати
16:12 / 2023-04-13

Наманганда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва аҳолини референдумда фаол иштирок этишга ундайдиган “Менинг Конституциям” шиори остида тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди.

Вилоят мусиқали драма театри майдонида бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда партия Марказий кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларига ЎзХДПдан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, талаба-ёшлар, аҳоли вакиллари иштирок этди. Эътироф этиш жоиз, республикамизнинг тадбиркорлик ва саноат марказига айланган Наманган вилоятида кейинги йилларда олиб борилган туб ислоҳотлар ва кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида нафақат шаҳар, балки туманлар қиёфаси ҳам тубдан ўзгарди. Аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланиб, эртанги кунга бўлган ишончи ортганини уларнинг юз-кўзларидан ҳам билиш мумкин. Янги таҳрирдаги Конституция эса фаровонлик томон қўйилган яна бир қадамдир. Кўтаринки кайфиятда ўтган очиқ осмон остидаги тадбирда партия марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари – ЎзХДП фракциясининг раҳбари Улуғбек Иноятов янгиланаётган Конституция мамлакатимизда ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик сари ташланаётган дадил қадамлар учун мустаҳкам асос вазифасини ўташи, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилангани жамиятимизда кечаётган жараёнлар билан чамбарчас боғлиқлиги, инсон ҳуқуқ-эркинликларига оид нормалар сони оширилгани ва бу фуқароларнинг давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаб, янада фаровон ҳаёт кечиришга хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.  

Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 44-моддасида мажбурий меҳнат, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши белгилаб қўйилмоқда. Ушбу муҳим ўзгариш айнан мажбурий меҳнат, хусусан, болалар мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам берилишини кўзда тутади. Мажбурий меҳнатнинг Конституция даражасида тақиқланиши халқимизнинг илмий, маънавий салоҳияти ошишига, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланишига, ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилади.  

47-модда билан илк бор ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Шунингдек, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги қайд этилмоқда.  

– Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиб келаётган бахтиёр ёшлардан бириман. Ҳозирда Наманган давлат университетида иқтисодиёт йўналиши бўйича магистратура босқичини ҳам тамомлаш арафасидаман, – дейди Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг энг ёш депутати Жавлонбек Абдуллаев. – Очиғини айтиш керак, амалдаги Конституциямизда “ногиронлик” атамаси келтирилмаган. Эндиликда эса, инсон қадрини ўзида акс эттирган янгиланаётган Бош қомусимизда биз ногиронлиги бор кишиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари еттита модда бўйича кафолатлаб қўйилмоқда. Бу эса янги таҳрирдаги бош ҳужжатимизни чинакам халқ Конституцияси эканлигидан далолат беради.  

– Ўз вақтида маълум муддат тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганман. Мен раҳбарлик қилган текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган жамиятимиз мулкчилик қўшма корхона шаклида эканлиги сабабли ҳомиладор бўлган аёлларни ишдан бўшатишга мажбур бўлганмиз, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров. – Эндиликда Конституциявий қонун лойиҳасида ҳомиладор опа-сингилларимизнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари кафолатланмоқда. Мазкур муҳим ўзгариш ижтимоий давлат сифатида мажбуриятни ўз зиммасига олаётган юртимизда инсон қадри улуғланаётганининг ёрқин ифодасидир.  

[gallery-11437]

Тадбирда депутатлар, шаҳар ва туманлар фаоллари, иқтидорли ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституция чинакам халқ Конституцияси бўлишига, Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий таянчи, халқимизнинг бирдамлиги ва фаровонлиги кафолатига айланишига ишонч билдириб, барчани ижтимоий давлат учун 30 апрель куни овоз беришга чақирди.  

Оқилхон Дадабоев,

Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА