Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилиши баробарида тадбиркорлик субъектларига бир қанча қулайлик яратимоқда. Хусусан, жорий йилнинг 18 август куни давлатимиз раҳбари ҳузурида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан унумли фойдаланган ишлаб чиқариш салмоғини ошириш ва экспортни рағбатлантириш вазифаси қўйилди.
Ушбу йўналишда амалга оширилаётган қулайлик ва имтиёзлар билан тадбиркорларни яқиндан таништириш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармасида айнан тадбиркорлик субъектлари иштирокида навбатдаги семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар-тренинг давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимининг қўлланилишини соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва унинг афзалликлари тушунтирилди.
Таъкидланганидек, товарларни “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштириш орқали қайта ишлаб чиқарилган ва экспортга расмийлаштирилган товарлар учун қўшилган қиймат солиғининг ундирилмаслиги мазкур фармон орқали тадбиркорлар учун яратилган энг катта янгиликлардан бири бўлди. Бундан ташқари, товарлар экспортида қўлланиладиган божхона йиғимлари ставкалари, имтиёз, преференциялар, субсидия ва компенсацияларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган тайёр маҳсулотлар экспортига ҳам татбиқ этилди. Товарларни қайта ишлашда мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиологик хулоса талаб этилмайди.
Семинар-тренинг давомида божхона соҳасида жорий этилаётган сўнгги янгиликларнинг тадбиркорлик субъектларига тушунтирилиши баробарида тизимни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш мақсадида амалиётда имкон қадар инсон омилининг камайтирилганлиги ва Бухоро вилояти божхона бошқармасида “Ишонч телефони” фаолиятининг узлуксиз йўлга қўйилганлиги алоҳида таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири