Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фармонлар ва қарорлар ижроси назоратда
17:18 / 2025-09-25

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Вобкент тумани Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бўйича ҳудудда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида туман ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Шариф Исломов ҳисобот берди. 

Таъкидланганидек, фармон юзасидан туманда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, туманда 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияда белгиланган вазифалар юзасидан “Геопортал” тизимига жами 20211 гектар экин майдони тўлиқ турлари бўйича жойлаштирилишига эришилган.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда туманда чорвачиликнинг барча соҳалари бўйича жами 40 та қорамолчилик, шундан 14 та наслчилик фермер хўжаликлари ва оилавий корхона ҳамда 1 та МЧЖ, балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Тумандаги мавжуд 12 та ветеринария шохобчалари мутахассислари ва ветеринария участкалари томонидан барча турдаги чорвачилик хўжаликларига тегишли хизматлар кўрсатиб келинмоқда. 

Ҳисоботда шунингдек, тумандаги деҳқон бозорларида нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида йил давомида талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда ички бозорларда гўшт маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркалари ташкил этилиб келинаётганлиги,  маҳсулотларнинг сифат жиҳатдан яроқлилиги устидан доимий равишда тизимли назорат ўрнатилганлиги тилга олинди.

Туман “Сув етказиб бериш хизмати” ДМнинг ҳам талаб даражасида йўлга қўйилганлиги бир қатор хўжаликлараро каналлар ҳамда ички суғориш тармоқларини механизмлар ва қўл кучи ёрдамида тозалаш имконини берди. 28 та гидротехник иншоот ҳамда 10 та сув ўлчаш гидропостлари жорий таъмирланди. Шунингдек, фойдаланишдан чиққан 100 гектар ер майдонларининг 64,8 гектари қайта фойдаланишга киритилиб, уларда айни кунда шудгорлаш ишлари якунланган. 

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда туман Фермерлар Кенгаши раиси Азизбек Мираков ўзларининг бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди. Хусусан, экин майдонларини суғоришдаги сув тақчиллигини олдини олиш, экиш мавсумида сара уруғларни етказиб беришни таъминлаш ва бошқа бир қатор масалалар шулар жумласидан. Мева ва сабзавот маҳсулотларини сотиш ва экспортга чиқариш бўйича ҳам деҳқонларда қийинчилик сезиляпти. 

Маълумки, маҳалла фуқаролар йиғинларда кейинги пайтда фаолият кўрсата бошлаган “еттилик” тизими ўз амалий натижасини беряпти, шунингдек, йиғинларда  қишлоқ хўжалиги соҳасини яхши тушунадиган хусусан, агроном мутахассисга эга бўлган малакали ходимларга ҳам эҳтиёж сезилмоқда.

Йиғилиш якунида тегишли қарор қабул қилиниб, ушбу масала халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиладиган бўлди. 

Зариф Комилов, ЎзА