Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фармацевтика соҳасидаги янги имкониятлар халқ саломатлигига хизмат қилади
11:37 / 2026-03-10

Юртимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Шу маънода, Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда соҳага илғор технологияларни жорий этишни жадаллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда қабул қилинган янги қарор ва ташаббуслар халқимиз учун муҳим аҳамият касб этади.

Видеоселектор йиғилишида бугунги кунда фармацевтика соҳаси нафақат иқтисодиётнинг муҳим тармоғи экани, балки инсон саломатлиги билан бевосита боғлиқ стратегик йўналишлиги қайд этилди. Сўнгги йилларда ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида катта натижаларга эришилаётгани қувонарли ҳол. Хусусан, тармоққа 1 миллиард 800 миллион доллар инвестиция жалб қилиниб, 140 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилиши юртимизда фармацевтика саноати юксалиб бораётганидан дарак беради. Ҳозирда мамлакатимизда 300 дан ортиқ фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Натижада фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 баробар ошиб, 7 триллион 300 миллиард сўмдан зиёд кўрсаткичга етди.

Бу рақамлар ортида, энг аввало халқимиз манфаатлари мужассам. Чунки фармацевтика ишлаб чиқаришининг кенгайиши – бу бозорда дорилар кўпайиши, уларнинг нархи барқарорлашиши ҳамда аҳолига янада арзон ва сифатли дори воситалари етиб боришини англатади.

Бугунги кунда мамлакатимизда дори воситалари ва тиббий буюмлар бозори ҳажми қарийб 2,5 миллиард долларга етган. Шундай катта бозор шароитида маҳаллий ишлаб чиқариш улушини ошириш ниҳоятда муҳим масала ҳисобланади. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан ички истеъмолда маҳаллий дори воситалари улушини 2030 йилга бориб 70 фоизга етказиш вазифаси қўйилгани айниқса муҳим. Бу эса аҳолининг кундалик эҳтиёжидаги кўплаб дори воситалари мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқарилишини таъминлайди.

Йиғилишда фармацевтика корхоналари учун яратилаётган янги имкониятлар ҳам кенг кўламли эканини кўриш мумкин. Хусусан, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар уч йил муддатга ер солиғидан озод этилиши, шунингдек лойиҳа ишга тушгандан сўнг яна уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиғи ундирилмаслиги тадбиркорлар учун катта рағбат бўлади. Бундай имтиёзлар соҳада янги корхоналар пайдо бўлишига, ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, биологик фаол қўшимчалар ва косметика воситалари ишлаб чиқарувчиларга хомашё ва ускуналар импорти божлардан озод қилиниши ҳам соҳанинг ривожланишига янги суръат бағишлайди. Энг муҳими, маҳаллийлаштиришга мўлжалланган дори воситалари рўйхати эълон қилиб борилиши ҳамда ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши фармацевтика тармоғининг янада кенгайишига хизмат қилади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, импорт қилинаётган дори воситаларининг салмоқли қисми айрим хорижий компаниялар ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, уларнинг ишлаб чиқаришини мамлакатимиз ҳудудида ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам катта аҳамиятга эга. Бу эса замонавий технологияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва энг муҳими, дорилар нархини сезиларли даражада арзонлаштириш имконини беради.

Янги қарорлар илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга ҳам қаратилган. “Тошкент фарма парк” ҳудудида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши, клиник тадқиқотлар марказлари ҳамда замонавий лабораториялар барпо этилиши юртимизда янги дори воситаларини яратиш имкониятларини кенгайтиради. Бу эса келажакда кўплаб касалликларни даволашда маҳаллий илмий салоҳиятга таянган ҳолда янги препаратлар ишлаб чиқилишига хизмат қилади.

Шифокор ва халқ вакили сифатида айтишим мумкинки, фармацевтика соҳасини ривожлантиришга қаратилган бундай кенг қамровли чора-тадбирлар, энг аввало, беморлар манфаатига хизмат қилади. Амалий тиббиётда фаолият юритган мутахассис сифатида яхши биламан: кўплаб беморлар учун энг муҳим масала – бу зарур дори воситасининг ўз вақтида, сифатли ва ҳамёнбоп нархда мавжуд бўлиши. Маҳаллий ишлаб чиқариш кенгайиб, замонавий технологиялар жорий этилса, дорилар нархи барқарорлашади, уларнинг сифати ошади ва аҳоли учун янада қулай бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, фармацевтика тармоғида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар нафақат иқтисодий тараққиёт, балки халқимиз саломатлиги учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади. Бу ташаббуслар натижасида келгусида кўплаб касалликларни даволаш осонлашиб, сифатли дори воситалари ҳар бир оила учун янада яқин ва қулай бўлишига ишонаман. Чунки соғлом жамият – барқарор тараққиётнинг энг муҳим омили.

Отабек Жиянбоев,

“Миллий тикланиш” ДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

ЎзА