Мамлакатимизда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, соҳада инновацион ишланмаларни жорий этиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий ишлаб чиқариш кластери ва Фармацевтика Техник Университети фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур жараёнлар билан таништириш мақсадида Зангиота тумани ҳудудида жойлашган мазкур мажмуада журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда масъуллар томонидан кластер ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишлари, ихтисослашган таълим ва ишлаб чиқариш жараёнлари кўрсатилди. Хусусан, Фармацевтика Техник Университети бугунги кунда соҳадаги энг замонавий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқлик ўрнатилган.
– Талабаларга назарий билим билан бирга, тўлиқ амалий кўникмалар ҳам берилади, – дейди Фармацевтика Техник Университети ректори Абдумалик Жуманов. – Фармацевтика бу фақат дори ишлаб чиқариш эмас, балки илм, масъулият ва халқаро стандартлар билан ишлаш маданияти ҳамдир. Шу сабабли университетимизда таълим жараёни илмий-тадқиқотлар ва кластердаги ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғланган.
Пресс-тур доирасида “Ҳаёт фанлари” бўйича ёш олимлар ўртасида ўтказилган олимпиада ғолиблари тақдирланди. Бу каби тадбирлар ёш авлодни соҳага жалб қилиш, уларнинг изланишларини рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, иштирокчилар “GxP” маркази фаолияти билан танишиб, дори воситаларини ишлаб чиқаришдаги халқаро талабларга жавоб берадиган шароитларни кўздан кечирди. Марказда талабалар ва мутахассислар учун амалий машғулотлар ўтказиш имкониятлари яратилган.
Фармацевтика кластеридаги бундай ташрифлар соҳа фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда жамоатчиликка етказиш, илмий-амалий ютуқларни оммалаштириш ва янги истиқболларни намоён этишда катта аҳамият касб этади.
Тадбир давомида ОАВ вакиллари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.