Ҳар бир соҳанинг тараққиёти илм билан белгиланади. Масалан, фармацевтика саноатида ким кўп илм қилса, дори воситалари ва ускуналарини доимий равишда янгилаб борса ана шу ишлаб чиқарувчи бу йирик бозорда ғолиб. Зеро, дунё фарм бозоридаги фармацевтика маҳсулотларига бўлган талаб бугунги кунда 3 трлн доллардан ошди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш қийин бўлган дорилар ҳам мавжуд ва уларни тайёрлаш нафақат қийин, балки унга тикиладиган инвестиция миқдори ҳам катта. Ўз навбатида, бу турдаги дорилар асосан давлат томонидан харид қилинадиган препаратлар ҳисобланади. Соҳадаги муаммоларни илмий ўрганиш, миллий фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Зангиота туманида фармацевтика кластери барпо этилди ва ишга туширилди.
Ҳозирги кунда Марказий Осиёда катта аҳамиятга эга бўлган “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш мажмуасида янги олийгоҳ ва яна бир қатор қўшимча иншоотлар қурилиши давом этмоқда. Айтиш керакки жаҳон бозорида рақобатлашиш ва миллий фармацевтика саноатини янада ривожлантириш учун айнан шундай кластер зарур эди.
- 28 январь 2020 йилдадавлатимиз раҳбарининг қарори билан ушбу кластерга асос солинди, - дейди “Tashkent Pharma Park” дирекцияси инвестициялар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Шуҳрат Азизов. – 18 декабрь 2024 йил Президентимиз очилиш маросимида қатнашиб, ўз тавсияларини бериб кетди. Ҳозирги кунда бизни кластер 130 гектар ерда жойлашган бўлиб, унинг 84.7 гектари саноат зонаси ҳисобланади. Ҳозирги кунда 29та лойиҳадан иборат саноат зонаси ичида 12таси чет эл корхоналари. Ундан ташқари фармацевтика йўналишида 4 минг талабага мўлжалланган университет қуриляпти ва улар 2028-2030 йилларда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари Марказий Осиёда ягона “Геномикмарказ” қурилади.
Кластер ишга тушди дегани, бу муаммо ҳал бўлди дегани эмас албатта. Бунинг учун чуқур билим ва инновациялар зарур. Дунёдаги ушбу соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан яқиндан танишиш мақсадида «Абу Али ибн Сино: Шарқ гавҳари – Жаҳон мероси» анъанавий халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ибн Сино жамоат фонди ҳамда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамкорлигида ўтказилди. Буюк аллома Абу Али ибн Сино таваллудига 1045 йил тўлиши ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати 15 га яқин мамлакатдан 300дан ортиқ тадқиқотчилар, соҳа олимлари йиғилди. Буюк аллома Абу Али ибн Сино ўн аср муқаддам яратган илмий асарлари бугунги кунда ҳам долзарблиги эътироф этилди. Пленар ва секция йиғилишларида 49 та илмий маъруза, маҳорат дарслари ва фармацевтика маҳсулотлари кўргазмалари тақдим этилди. Тадбир доирасида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси қатор нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳужжатларини имзолади. Шунингдек, “Ибн Сино” жамоат фонди ҳам халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтириб, Ўш давлат университети, Туркияда ташкил этилган “Уйғур тиббиёт тадқиқот фонди” ҳамда Шэнси Хитой тиббиёт университети билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Анжуман нафақат Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантиришда муҳим илмий ва амалий тадбир сифатида эътироф этилди, балки Абу Али ибн Синонинг бебаҳо илмий ва тиббий меросини замонавий тадқиқотлар ва амалиётда қўллаш имкониятларини кенгайтирувчи, соҳада инновация ва ҳамкорлик учун муҳим платформа сифатида ҳам намоён бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VTsTiiFnf1w" title="Farmatsevtika sohasida hamkorlik muhim" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА