Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фармацевтика саноатидаги янги йирик лойиҳа
17:52 / 2024-06-21

Зангиота туманидаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий ишлаб чиқариш фармацевтика кластерига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов, Фармацевтика техник университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Нилуфар Ҳусанова, соҳа мутахассислари томонидан журналистларга атрофлича маълумот берилди.

Президентимизнинг 2020 йил 28 январдаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, 2022 йил 21 январдаги “2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери таркибига олий таълим, илм-фан, тадқиқот муассасалари, технопарк ва ишлаб чиқариш саноат зонаси киради. Кластер майдони 130 гектардан иборат бўлиб, у  Фармацевтика техник университети, спорт маркази, АКТ маркази, илмий-тадқиқот марказлари, ўқув ва илмий лабораториялар, фармакопея маркази, виварий, клиник олди тадқиқотлар лабораторияси, ишлаб чиқарувчилар зонаси ва бошқаларни ўз ичига олади.

Ҳозиргача қурилиш ишлари учун 750 миллион доллар маблағ киритилди. Кластер доирасида дастлаб 12 та лойиҳа ишга туширилади. Бундан ташқари, соҳага оид яна 14 лойиҳа борасида иш олиб бориляпти.

Пресс-турда  кластернинг мақсад ва вазифалари ҳақида тақдимот қилинди. Хусусан, бу ерда биотехнологиядан фойдаланган ҳолда янги дори воситалари ва препаратларни яратиш чоралари кўрилади. Тошкент вакциналар ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика илмий-тадқиқот институтларини ўз ичига олган Илмий марказда малакали ўқитувчи ва профессорлар томонидан мутахассислар тайёрланади.

Замонавий ўқув лабораториялари ва илмий марказлари халқаро ГЛП стандартлари асосида ишлайди. Кадрлар тайёрлаш хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда таълим дастурлари асосида амалга оширилади.

Шундан сўнг журналистларга кластер ҳудудида бунёд қилинаётган Фармацевтика техник университети кўрсатилди.

– Бизнинг олийгоҳ халқаро миқёсда тан олинган Буюк Британиянинг олий таълим дастурлари асосида таълим бериш учун Буюк Британиянинг нуфузли Сандерленд ва Де Монтфорт университетлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган, – дейди Фармацевтика техник университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Нилуфар Ҳусанова. – Шу билан бирга, бу ерда Буюк Британиядаги ҳамкор университетларнинг ўқув дастурлари асосида инглиз тилида дарслар ўтилиб, ушбу ҳамкор университетларнинг дипломлари берилади. Фaрмацевтика техник университети 2024-2025 ўқув йилига 200 абитуриентни қабул қилишга тайёр. Унда 40та грант ўрни мавжуд ва 160 нафар талаба эса контракт-тўлов шартномаси асосида таълим олади.

Қайд этилганидек,  Корея Республикасининг “EDCF” фондидан кредит асосида молиялаштирилиши доирасида Кореянинг нуфузли университет етакчи ходимлари ва илғор мутахассислари Фармацевтика техник университети ходимлари билан университетнинг доимий кампуси лойиҳаси устида фаол иш олиб боришмоқда.

[gallery-17941]

Мазкур янги кампусда илғор технологияларга эга бўлган ўқув-маъмурий бино, спорт комплекси ва АКТ маркази қад кўтаради. Унда талабаларнинг самарали таълим олиши ва илмий тадқиқотлар билан шуғулланиши учун замонавий ўқув ва илмий лабораториялар яратилади, ўқув материаллари ва таълим жараёни бошқаруви тўлиқ рақамлаштирилиши натажасида халқаро андозалардаги таълим муҳити юқори малакали кадрларни тайёрлашга мустаҳкам замин бўлади.

 Айтиш жоизки, “Tashkent Pharma Park” инновацион фармацевтика кластери илмий-тадқиқот базаси ҳисобланиб, ундаги янги ишга тушириладиган лабораториялар янги дори воситаларининг самарадорлиги ва хавфсизлигини баҳолаш ёки улардан фойдаланиш кўрсаткичларини кенгайтириш мақсадида маълум турдаги дориларда илмий тадқиқотлар ўтказиш имконини беради.

А.Мусаев, А.Алижонов (сурат),

ЎзА мухбирлари