Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фармацевтика маҳсулотлари импортида Бухоронинг улуши 0,3 фоизни ташкил этади
18:34 / 2024-02-03

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 29 январда ўтказган йиғилишда 2024 йилда уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга тўхталиб, жумладан, вилоят ҳокимлари бошчилигида ташкил этилган фармацевтика кенгашлари фаолиятига эътиборини қаратди.

Ҳали бирорта ҳудудда ушбу кенгашлар амалий ишларни бошламагани қайд этилгани ҳолда маҳаллий дориларни рўйхатга олиш жараёнида бюрократик тўсиқларни тугатиш, соҳада коррупция ва ноқонуний дори айланмасига қарши курашиш зарурлиги қатъий кўрсатиб ўтилди. Яқинда фармацевтика соҳасида қабул қилинган 1,9 миллиард долларга тенг қийматдаги лойиҳалар дастури бўйича амалий ишларни тезроқ бошлаш зарурлиги таъкидланди.

Бухоро давлат тиббиёт институтида вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасалари, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, бош ҳисобчи ва провизорлари, шунингдек, молия-иқтисодиёт, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш вилоятда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, ҳозир вилоятда 970 та дорихона томонидан ўртача 7 минг номдаги дори-дармон ва тиббиёт буюмлари реализацияси амалга оширилаётган бўлиб, шундан 37,9 фоизи ёки 2,6 минг номдаги дори-дармон республикада ишлаб чиқарилаётган, 1,8 фоизи ёки 125 номдаги дори-дармон эса вилоятда ишлаб чиқариладиган дори воситаларини ташкил этмоқда. Дорихоналарда сотилаётган дори-дармон воситаларининг 63 фоизи ёки 4,4 минг номдагиси хориждан импорт орқали келтириб сотилаётган маҳсулотлардир. Вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг 2023 йил давомида харид қилинган дори-дармон ва тиббиёт буюмлари таҳлили ўрганилганида, 69,5 миллиард сўмлик фармацевтика маҳсулотлари харид қилингани аён бўлди.

Республика миқёсида 2023 йил мобайнида умумий қиймати 1 миллиард 506 миллион  долларга тенг фармацевтика маҳсулотлари импорт қилинган бўлиб, шундан Бухоро вилоятининг улуши 0,3 фоизни ёки 4,2 миллион долларни ташкил этмоқда. Бу борада биргина “Бухоро дори-дармон” МЧЖ фаолиятини олсак, мазкур субъект вилоятдаги тиббиёт муассасаларига 12,6 миллиард сўмлик фармацевтика маҳсулотларини давлат хариди асосида етказиб берган. Шундан 4,1 миллиард сўмлиги импорт маҳсулоти ва 8,5 миллиард сўмлиги маҳаллий дори-дармон воситалари ҳисобланади.

Бу борадаги аҳволни ўнглаш, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш тармоғи фаолиятини тубдан яхшилаш мақсадида вилоятда яқин икки йилда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг 9 та лойиҳа амалга оширилишини, мазкур лойиҳалар туфайли 135 миллион долларга тенг импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши таъкидланди.

Мисол учун, Бухоро шаҳридаги “Rusal Karmen Pharm” МЧЖ томонидан қиймати 68,5 миллион долларга тенг кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаси рўёбга чиқарилади. Натижада тармоқда 200 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратилиши баробарида йилига 80,7 миллион долларга тенг импорт ўрнини босувчи дори-дармон воситалари ўзлаштирилади.  

Бундан ташқари, аҳоли талаби юқори бўлган дори-дармон воситаларига ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказиб, маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ўн йилгача бўлган муддатда шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш (ОФТЕК) механизми жорий этилади.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А. Бахронов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бошқармаси вилоят бўлими бошлиғи А. Ражабов, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги давлат муассасаси мутахассиси В. Худаевларнинг маърузалари тингланди.

Йиғилишда вилоят ҳокими Б.Зарипов сўзга чиқди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири